Ўзбекистонда “Бирлик” халқ ҳаракатининг кураши натижасида, Ислом Каримнинг ҳамма қаршиликларига қарамасдан, мустақилликдан аввалоқ ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинган эди. Мана энди Тошкентнинг харитасига қаранг. Энди бизда, масалан, проспектлар йўқ. Ҳаммаси “шоҳ кўчага” айлантирилган. Кўкрагимизни кериб, бошимизда тўнтарилган декча қозондан фарқ қилмайдиган дўппилар билан бу шоҳ кўчалардан юрамиз. Аммо, савол туғилади – шохимиз чиқдими? Йўқ. Қолаверса, бизда аввал бундай шоҳ кўчаларнинг ўзи йўқ эди.
Ҳозир Тошкент шаҳар ҳокимлиги буюк рус шоири Пушкиннинг ҳайкалини бошқа ерга, табиий, четроққа чиқариш ҳаракатига тушибди. Бошқа ишимиз қолмаган бўлса, балки, бу ҳақда ҳам ўйлаш керакдир.
Аммо, бошқа тарафдан, руслар бизга зўрлаб тиқиштирган исми-шарифимиздаги “-ов”, “-ев” каби қўшимчаларга нима дейсиз? “Бирлик” ўзбек тилини давлат тили қилди, собиқ СССРдаги демократик кучлар билан ҳамкорликда Совет империясини қулатиб, Ўзбекистонни мустақилликка эриштирди. Аммо, “-ов”, “-ев”лар жойида турибди. Шу ҳам мустақилликми?
Қирғиз фашистлари ўзбекни тириклайин ёққанда, ўзбекнинг қиз ва аёлларини подлашиб зўрлаганда, 3 кунда 300 ўзбекни ваҳшийларча ўлдирганда ҳамма тешикларини қисиб ўтирган Ўзбекистон ўзбеклари “шоҳ кўчалар” яратилаётгани билан мағрурмилар? Шундан шохлари чиқмоқдами?
“Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат ўз хотираларида ёзишича, 1989 йили 14 декабрь куни қиз кўрганда, унга Сайёра исми берибдилар. Аммо, у ўша пайтдаги Киров райони ЗАГС бўлимида қизининг туғилиш гувоҳнасомига қизининг исми-шарифи “Сайёра Абдураҳим қизи Пўлат” деб ёзилишини талаб қилганида, “Мавжуд инструкциялар бўйича бундай қилиш мумкин эмас” жавобини олибди. Аммо, ЗАГС ҳодими, ёшгина ўзбек аёли, ўзи “Бирлик”нинг митингларида қатнашгани, аммо узоқда тургани учун Абдураҳим Пўлатни эслаб қололмаганидан изтиробга тушиб, СССР инструкцияларини бироз бузиб бўлса ҳам Сайёранинг туғилиш гувоҳномасига “Сайёра Абдураҳим қизи Пўлатова” деб ёзиб беришга рози бўлибди ва шундай қилибди. Ўша вақт учун бу ҳам мардлик эди.
Мана орадан 27 йил ўтди. Мустақилмиз. Аммо, нега ўзбеклар ўз исми-шарифларидан “-ов”, “-ев”ларни отмайдилар? Проспектни “шоҳ кўча” дейишимиз билан шохимиз чиқмайди, қолаверса кўчаларнинг номига “шоҳ” сўзини тиқиштиришнинг ўзи хунукдан хунукдир. Вақти келади, шоҳ кўчалар қайтдан проспектларга айлантирилади
Аммо, “-ов”, “-ев”ларни отиш вақти аллақачон келиб бўлганини унутмайлик.