28 June 2015
19:14 - АҚШ Конгрессининг Инсон Ҳуқуқлари Комиссиясида Ўзбекистон ва Марказий Осиёга бағишланган тинглов бўлди, Абдураҳим Пўлат унга таҳлил берди

АҚШ Давлат Департаменти матбуот хизмати тарафидан тарқатиладиган, бизга ҳам келадиган дайжестдан маълум бўлишича, Конгресснинг қуйи палатаси - Вакиллар Уйининг Том Лантос Инсон Ҳуқуқлари Комиссиясида “Ўзбекистон ва Марказий Осиёда фуқаровий ва сиёсий ҳақ-ҳуқуқлар: АҚШнинг 2014 йилдан кейинги ташқи сиёсатининг таъсири” номли тинглов мажлиси ўтказилибди.

Эслатиб ўтиш керакки, АҚШда “Тинглов” деб аталадиган мажлисларда кун тартибидаги масала бўйича ҳукумат одамларининг ва турли ташкилотлар, жумладан, чет эллик ташкилотлар вакилларининг фикрлари тингланади, Комиссия аъзолари саволлар беришади, кейин улардан баъзи бирлари ўз фикрларини ҳам билдирадилар. Яъни, Тинглов конгрессменларга информация бериш ва фикр алмашиш каби йиғилиш. Тинглов бўйича махсус қарор ҳам қабул қилинмайди.

Давлат Департаментининг дайжестида ўша Тингловда қатнашган Давлат Котиби ёрдамчисининг ўринбосари Роберт Берсчинскийнинг нутқи берилган.

Мухбирларимиз Том Лантос Инсон Ҳуқуқлари Комиссиясининг сайтига кириб аниқладиларки, Тинглов икки бўлим/панелдан иборат бўлиб, у ерда қуйидагилар нутқ сўзлашган:

Панел I

- Даниэл Розенблюм, Давлат Котибининг Жанубий ва Марказиё Осиё бўйича ёрдамчисининг Марказий Осиё бўйича ўринбосари;
- Роберт Берсчинский Давлат Котибининг Демократия, Инсон Ҳуқуқлари ва Меҳнат масалалари бўйича ёрдамчисининг ўринбосари.

Панел II

- Аллисон Гил, Эмнисти Интернешинл ташкилотининг эксперти;
- Санжар Умаров, Ўзбекистонлик собиқ сиёсий маҳбус;
- Жеф Голдстмен, Очиқ Жамият Фондининг Евросиё бўйича таҳлилчиси.

Инсон Ҳуқуқлари Комиссиясининг сайтида 2-чи панелда қатнашганларнинг нутқлари келтирилган, холос. Давлат Департаментининг дайжестида эса, юқорида айтилганидек, фақатгина Роберт Берсчинскийниннг нутқи бор.

Мен бир неча ой аввал “Бирлик” Партиясининг Бош котиби, айни замонда, “Эзгулик” жамиятининг раиси Васила Иноят билан бирга Давлат Департаментида жаноб Розенблюм билан кўришган эдик. Ўзбеклар учун шуни ўзи етарли деб ҳисоблаган америкаликлар унинг нутқини ҳеч қаерга қўйишмаган, шекилли, дейди “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат. Шу сабабли қолган 4 кишининг нутқини кўриб чиқиш билан чекландим. Ва ўйладимки, уларнинг нутқини ҳам эълон қилишдан ҳеч қандай фойда йўқ. Қолаверса, нима учун Тингловнинг номида “Ўзбекистон ва Марказий Осиё” деган ибора ишлатилганини ҳам тушуниш қийин. Ман аввал Тингловда Ўзбекистонга урғу берилгандир, деб ўйладим. Аммо, бир маҳаллар мен Остап Бендер деб атаган Санжар Умаровнинг нутқини ҳисобга олмасак, бошқа нотиқлар Ўзбекистонга алоҳида эътибор беришмаган ҳам.

Санжар Умаров ростдан ҳам Остап Бендер каби майда авантюрист. 2003-2005 йиллари “Бирлик” Ўзбекистонда қайтадан тикланиб, катта ишлар олиб бораётганда, унга ёрдам бериш ўрнига, бирликчилар соясида мен ҳам бир нарсаларга эришиб олай деб, 3-4 кишидан иборат номи улуғ, супраси қуруқ “Қуёшли Ўзбекистон” коалицияси қурганини эълон қилганди. У коалиция, мен башорат қилгандек, ўзидан-ўзи йўқ бўлиб кетадиган болаларнинг тўгарагига ўхшaган нарса эди. Санжар Умаровнинг Ўзбекистонда ўз бизнеси ҳам бор эди. Ўша бизнесдаги жиноятлар туфайли 2005 йили қамалди. Ишонаманки, унинг қамалишида сиёсий жиҳат ҳам бор, аммо у асосий сабаб бўлган эмас. Унинг озод этилишини талаб қилиб, АҚШ конгрессменлари ҳам мурожаатлар қилдилар. Чунки, у қамалишдан олдиноқ оиласи билан АҚШда яшарди, ҳозир ҳам оиласи билан АҚШда яшайди.

Тан оламан, мен нима десам, тасодифан айнан шундай бўлаверади бу дунёда. 2008 йилда Санжарнинг акасини илтимоси билан уни озод қилиш ҳақида баённома ёзиб эълон қилдим. Табиий, тасодифан, тезда у озод қилинди.

АҚШ Конгрессининг Инсон Ҳуқуқлари Комиссиясидаги Тингловга қайтсак. У ерда биронта докладчи янги фикр айтмаган, нима қилиш кераклиги ҳақида янги, оргинал таклифлар киритмаган. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамма биладиган гаплар қайтарилган, аҳволни тузатиш учун Ўзбекистонга босимлар ўтказиш лозимлиги умумий шаклда урғуланган. Аввалги 20 йилни қўйиб туринг, сўнгги 10 йилда, яъни Андижон воқеаларидан кейинги йилларда Ғарбнинг босимлари ҳеч қандай натижа бермаётгани айтилмаган. Буларда ҳам муҳими, Тингловнинг номида “сиёсий ҳуқуқлар” сўзлари бўлса ҳам, Тингловда масаланинг бу тарафига эътибор берилмаган ҳисоб.

Агарда мени у Тингловга таклиф қилсалар, авваламбор ўзбекларни ғафлат уйқусидан уйғотиш учун Ўзбекистон ичида иш олиб бориш кераклигини, америкаликлар айнан ўша юрт ичида фаолият олиб бораётганларни қўллаб-қувватлаш сиёсатини янада кучайтиришлари кераклигини гапирган бўлардим. “Бирлик”-“Ҳаракат”-“Эзгулик” учлиги айтиб келаётгандек, сиёсий ҳуқуқлар масаласи кун тартибининг бошига чиқарилиши шартлигини урғулаган бўлардим. Бундай мажлисларга Васила Иноят чақирилса, конгрессменларнинг ўзига фойдали бўлишини эслатардим. Яқинда АҚШ Президентига ёзган хатимда айтилганидек, Ислом динини ислоҳот қилиш билан фақат мусулмонлар эмас, балки бутун дунё шуғулланиши кераклигини гапирардим. Ислом дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилмагунча, мусулмонларга диний эркинлик бериш тўғрисида гапиришнинг ўзи кулгили бўлишини тушунтирардим.

Мени бу Тингловга нимага чақиришмаганини ҳам биламан. Конгресснинг Ҳельсинки Комиссияси деб танилган бошқа Комиссиясида 5 марта нутқ сўзлаб ва ўта конкрет таклифлар киритиб, ҳеч қандай натижа кўрмаганимдан кейин, бундай комиссияларга бошқа бормайман деб эълон қилганман.