Ўзбекистон президентининг кечаги фармони билан “Йод танқислиги касалликларининг олдини олиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритилди ва унга кўра, мамлакатда йодланмаган ош тузи ишлаб чиқариш, сотиш қатъий тақиқланди. Бунга қадар эса қонун - ишлаб чиқарилаётган ва реализация қилинаётган ош тузини йодлашни кўзда тутарди, аммо йодланган тузга тиббий акс таъсирга эга шахслар учун йодланмаган ош тузи ишлаб чиқаришга рухсат берарди.
Буни қарангки, қонун амал қилган 8 йил давомида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий эндокринология тиббий марказига йодланган тузга тиббий акс таъсирга эга бирорта шахс мурожаат қилмади, бошқа муассасаларда ҳам бундай одамлар рўйхатга олинмаган.
“Ўзбекистонда йод танқислиги ўткир муаммолардан бири ҳисобланади. Бу айниқса экологик фожиа ўчоқларида кўзга ташланади. Эндокринология маркази статистикасига қараганда, республика бўйича йод танқислигининг тарқалиши 40 фоизни ташкил қилади. Бу аёлларнинг ақлий ҳолатига, болалар ва ўсмирларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишига салбий таъсир ўтказади, шу боис ҳукумат вазиятни яхшилаш учун чора-тадбирлар кўрмоқда”, – дейди маҳаллий матбуотга парламент депутати А. Айтжанова.