Мамлакатимиздаги мавжуд режимнинг қўғирчоқ ахборот воситалари Тошкентда май ойида иккиламчи бозорда квартираларнинг нархи ўртача 2 фоизга тушганини хабар қилар экан, ҳеч қандай таҳлил бермайдилар. Буни тушуниб бўлмайди. Чунки, бу янгилик Ўзбекистонда Ислом Карим раҳбарлигида ҳаёт кундан кунга яхшиланиб боришининг яна бир кўрсатгичи сифатида олқишланиши - мамлакатимиздаги режим нуқтаи назаридан мантиқли бўларди.
АҚШда эса уй-жойларнинг нархида кескин ортиш кузатилаётгани ва нархлар 2006 йилдаги даражага чиққани – мамлакат иқтисоди 2008 йилда бошланган молиявий-иқтисодий кризисдан чиқиб бўлганининг яна бир кўрсатгичи сифатида кўрсатилмоқда.
Ҳамма гап шундаки, уй-жой нархининг ошиши мамлакат иқтисоди ўсаётганининг, уй-жой нахининг тушиши эса иқтисод чўкаётганининг кўрсатгичидир. Демак, АҚШ иқтисоди кризисдан кейин юксалиб, кризисдан аввалги даражага чиқиб бўлди, Ўзбекистонга эса иқтисодий кризис кечикиб бошланмоқда. Квартиралар нархи тушмоқда, демак, иқтисод чўкмоқда.
Дунёда иқтисодий кризис бошлангандан бери ривожланган мамлакатларда Ялпи Ички Маҳсулот ҳажмининг ўсиши камайиб борар экан, Ислом Карим ҳар бир чиқишида Ўзбекистон ЯИМниннг ортиши бўйича дунёда сал кам ҳаммадан олдинда, яъни ўсиш 10 фоиз атрофида деб мақтанарди ва халқимизни алдарди. “Ҳаракат” агентлиги эса, айнан шу факт - Ўзбекистон иқтисоди қолоқ эканлигининг кўрсатгичи эканлигини, Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши билан мақтаниш – қўлида 10 сўм бўлган гадой яна 1 сўм топиб, бойлиги 10 фоизга ортиши билан мақтаниш кабидир деб урғуларди.
Аммо, шундоқ ҳам аянчли бўлган иқтисодимизнинг чўкишидан, буни мавжуд режимга тош отиб олиш имкони сифатида кўриб, хурсанд бўлиш ниятимиз йўқ, дейди мухбиримиз. Чунки, шундоқ ҳам қашшоқ халқимизни яна ҳам оғир кунлар кутмоқда. Ғарбнинг санкциялари остида Россия иқтисодида чўкиш бошлангани, у ерда иш ерлари камайиб, мардикорларимиз у ердан ҳайдалаётгани ҳам аҳволимизни янада оғирлаштиради.
Ўзбекистон бундай муаммоллар қаршисида қандайдир тадбирлар кўриши керак. Аммо Ислом Карим режимининг ақли бундай нарсаларга етмайди.