25 March 2015
19:19 - АҚШ Конгресси Обамани Украинага қурол беришга чақирди, қурол ҳисобланмайдиган техника келишга ҳам бошлади

АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси – Вакиллар Уйи 48 га қарши 348 овоз билан Барак Обамани Украинага мудофаа қуроллари беришга чақирувчи резолюция қабул қилди. Қуроллар летал, яъни одам ўлдирувчи бўлиши ҳам мумкин.

АҚШ Президентининг аввалари ҳам берган баёнотларига кўра, ҳали Украинага бундай қуроллар бериш масаласи кун тартибига келгани йўқ. Аммо, АҚШ Украинага расман қурол ҳисобланмаса ҳам, феълан қурол бўлган техника беришга бошлади. Масалан, бугун Киевдаги Борисполь аэропортига АҚШнинг транпорт учоғида 10 та бронлаштирилган машҳур “Хаммер” автомобиллари келди. Уларни Президент Порошенконинг ўзи кутиб олди. Унинг айтишича, бу биринчи партия бўлиб, бу ва бу каби 75 млн долларлик техник аслаҳаларнинг келиши давом этади. Уларнинг ичида пилотсиз учоқлар – дронлар, радарлар ва бошқалар бўлади.

Кўринб турибдики, АҚШ ва Европанинг бошқа давлатлари яқин орада Украинага нафақат ҳимоя, балки, ҳужум қуроллари ҳам беришга бошлайдилар. Ҳамма сўзда “Украинадаги конфликтнинг ҳарбий ечими йўқлигини” гапирса ҳам, ҳеч ким бундан бошқа йўлни кўраётгани йўқ. Табиий, Россияга қарши санкциялар давом этаверади, ҳатто улар ошса керак, лекин Украинани кучли ҳарбий давлатга айлантириш Ғарбнинг асосий мақсади бўлиб қолмоқда.