25 March 2015
08:52 - Обама Афғонистондан қўшинларини олиб чиқишни секинлаштирмоқчи
Reuters Агентлиги хабар беришича, кеча АҚШ Президенти Барак Обама афғонистонлик ҳамкасби Ашраф Ғани билан учрашиб, Афғонистонда ўз қўшинларни олиб чиқишни секинлаштиришга, йил охиригача у ерда 9 минг 800 аскарини қолдиришга ваъда берар экан, 2017 йили қўшинларни бутунлай олиб кетиш режаси бажарилиши кераклигини айтибди.

Агентликнинг мухбирлари ўз манбаларига асосланиб билдиришича, Қандахор ва Жалолободдаги АҚШнинг ҳарбий базалари ҳам шу йилнинг охиригача бекилмайди.

Эртага Ашраф Ғани Конгрессда ҳам нутқ сўзлаши кутилмоқда. Янги президент билан учрашувлар аввалги Президент Ҳамид Карзай билан учрашувлардан кескин фарқли бўлаётгани, алоқалар кескин илиқлашгани ҳам хабарда урғуланади.

Ашраф Ғани ва Абдулло Абдуллоҳ билан учрашган Мудофаа вазири Аш Картер АҚШ Афғонистон хавфсизлик хизматларини энг камида 2017 йилгача молиявий қўллаб-қувватлашини ҳам билдирибди.

Тахмин қилиш мумкинки, дейди мухбиримиз, АҚШ қўшинлари 2017 йилдан кейин ҳам Афғонистонни тарк этмайдилар ва тўғри қиладилар. Чунки, ИШИД кучайиб бюорар экан, ҳали Толибондан тўла қутилолмаган Афғонистонни якка қолдириб бўлмайди. Марказий Осиё давлатлари, биринчи навбатда, Ўзбекистон ҳам айнан шуни исташи ўз-ўзидан маълум.