24 March 2015
06:55 - Кичкина сенсация: АҚШ президентининг Кэмп-Дэвид қароргоҳидаги матбуот конференциясида “Ҳаракат” вакили ҳам бор эди

Президент Рузвельт замонида қурилган шаҳар ташқарисидаги (Вашингтондан 100 км узоқликда) бу қароргоҳ асосан жорийдаги президентнинг дам олиш жойи ҳисобланади. Аммо, бу ерда муҳим учрашувлар ҳам бўлган, тарихда қоладиган шартномалар имзоланган.

Кеча бу ерда АҚШ Давлат Котиби Жон Керри Афғонистон Президенти Ашраф Ғани ва лавозимининг расмий номи Бош ижрочи, феълан Бош вазир бўлган Абдулло Абдуллоҳ билан 5-6 соатлик учрашув-музокаралар ўтказди ва кейин улар Жон Керрининг ёрдамчиларидан бирининг ҳам иштирокида матбуот конференцияси ўтказдилар.

Матбуот конфееренциясида АҚШ-Афғонистон алоқаларига оид ҳеч қандай сенсацион янгилик айтилмади. Лекин кўриниб турардики, АҚШга келишдан бир неча кун аввал Ашраф Ғанининг ўз мамлакатидаги АҚШ қўшинлари сонини орттириш ҳақидаги таклифи ижобий ҳал қилинади. Ашраф Ғани кеча эрталаб Кэмп Дэвидга келишдан олдин Пентаганда бўлгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Бу матбуот конференциясининг кичкина сенсацияси – унда ўзбек тилидаги ягона ҳақиқий ва замонавий оммавий ахборот воситаси бўлган “Ҳаракат” Мустақил Ахборат Агентлиги номидан унинг асосчиси ва феълан Бош редактори бўлган Абдураҳим Пўлатнинг “Ҳаракат” вакили сифатида қатнашиши бўлди.

- Менинг бу ерга келишдан иккита мақсадим бор эди, - дейди Абдураҳим Пўлат. - Биринчи мақсадим – агарда Афғонистон делегацисида Абдурашид Дўстим бўлса, у билан кўришиш эди. Ҳозир Афғонистон президентининг бош ёрдамчиси, феълан вице-президент десак ҳам бўлаверади, Абдурашид Дўстим Вашингтонга келмабди. Президент йўқлигида унинг вазифасини бажараётган бўлса ажаб эмас. Аммо, Афғонистон делегациясида Абдурашид Дўстимнинг ўзбек ёрдамчиси ва Афғонистон ҳукуматида ўртача лавозимда ишлаётган ўзбек йигити бор экан. Улар билан гаплашдим. Абдурашид Дўстимга саломлар айтиш билан биргаликда “Ўзбекистонда ахир бир кун “Бирлик” ҳокимиятга келиши аниқ эканлигини, ана ўшанда икки мамлакат ўртасидаги алоқалар бошқа даражага кўтарилишига” бўлган ишончимни билдирдим.

Бу матбуот конференцияга келишимнинг иккинчи мақсади – Афғонистон Президенти Ашраф Ғанига ҳозир мен ўз қуролимга айлантирган шок терапияси усулида, аммо, ўта маданий шаклда қуйидаги саволни бериш эди: “Биласизки, Куръоннинг ҳозир тан олинган тафсирига кўра, давлат исломий бўлиши керак. Афғонистон ҳам, Ўзбекистон ҳам, ўйлайманки, АҚШ ҳам. Ҳозир ислом террористлари деб айтилаётган гуруҳларнинг мақсади айнан шу – исломий давлат қуриш. Демак, улар ҳақиқий мусулмон, ман билан Сиз эмаску. Шундай экан, Қуръоннинг мавжуд тафсирига ишонган исломчи террористларни ҳеч қачон йўқ қилиб бўлмайди. Бу вазиятдан чиқишнинг ягона йўли – Қуръонни янгидан тафсир қилиш ва давлатнинг исломий бўлиш кераклиги ҳақидаги ақидадан воз кечиб, дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишдир. Акс ҳолда, исломий террорнинг сўнги, Ислом дунёсининг келажаги бўлмайди. Сиз бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?”

Аммо, минг афсуски, савол бериш ҳаққи аввалдан келишилган журналистларга берилишини ўша ерда ўзим кўрдим. Янглишмасам, савол бериш ҳаққи 5 журналистга берилди, улардан бири “Америка Овози” радиосининг афғон хизмати мухбири эди. Мен ҳар сафар қўл кўтаришимга қарамасдан, менга савол учун сўз берилмади. Аминманки, бу савол эртами кеч барибир қаердадир янграйди ва Ислом дини мен айтган ислоҳотларни қабул қилиб, дунёвийлик/секуляризм принципини тан олади. Бошқа йўл йўқ.

Расмда: Абдураҳим Пўлат матбуот конференцияси бошланишидан бироз аввал. Мини-саҳна АҚШ ва Афғонистон байроқлари билан безатилган.