20 March 2015
17:25 -
Путин, Лукашенко, Назарбой Остонада йиғилиб, аҳволлари ёмонлашаётганини тан олишди, Ўзбекистонни оғир кунлар кутмоқда

Бугун Остонада Евросиё Иқтисодий Иттифоқининг (ЕИИ) уч асосий аъзоси – Россия, Қозоғистон ва Белорусия президентлари Владимир Путин, Александр Лукашенко ва Нурсултон Назарбойнинг учрашувлари бошланди. Учрашув 15 мартда бўлиши керак эди. Аммо, маълумки, айнан ўша кунларда Путин тўсатдан ғойиб бўлиб қолган ва Остонадаги учрашув ҳам орқага қолдирилганди.
Агарда Остонага Арманистон президенти ҳам келса эди, ЕИИнинг саммити ҳақида гапирса бўларди. Кўринишидан, бу уч президент Арманистон президентига унчалик ишонишмайди ва ўз оғир аҳволларини унинг иштирокисиз муҳокама қилишмоқчи.
Уларнинг аҳволи оғирлигининг икки сабаби бор.
Биринчиси. “Ҳаракат” сайтининг доимий ўқувчилари билишадики, 2008 йилда АҚШда бошланиб, тезда ҳамма ривожланган мамлакатларнинг оёғидан урган молиявий-иқтисодий кризис секин-аста аввал Россия ва Қозоғистон каби ўртача ривожланган мамлакатларга, кейин Ўзбекистон каби қашшоқ мамлакатларга етиб келиши муқаррар эканлигини бизнинг мухбирларимиз йиллардан бери айтиб келишарди.Ўша кризис Россия, Қозоғистон ва Белорусияга етиб келди.
Иккинчи. Ғарбнинг Россияга қарши киритган санкциялари фақат Россияни эмас, у билан боғлиқ ҳамма мамлакатларни жиддий ўлчовда уришга бошлади.
Мана энди уч президент бу оғир аҳволдан чиқиш йўлларини ўйлашлари керак.
Қозоқ ахборот воситалари ўз президентларининг учрашув очилишида айтган сўзларини тарқатмоқдалар: “Ўйлайманки, биз дунёдаки аҳволни ўзимиз сезишга бошлаган кризис нуқтаи назаридан муҳокама қилишимиз керак. 2007-2008 йилларнинг кризиси АҚШда бошланган умумжаҳон кризиси эди. Ҳозирги кризис минтақавий бўлиб, энергия берувчи моддалар ва биз ишлаб чиқараётган масулотларнинг нархи тушиб кетаётгани билан боғлиқ. Шу туфайли ЕИИда савдо айланмаси тушиб кетди. 2015 йил ЕИИ учун катта қийинчиликлар/чақириқлар йили бўлади.”
Нурсултон Назарбой иқтисодий аҳвол ёмонлашишини билгани учун вақтидан аввал (шу йил 26 апрелда) президентлик сайловлари ўтказиб, ҳеч бўлмаса, сиёсий кризиснинг олдини олиш ҳаракатига тушгани ҳам маълум.
Бу йиғилишда нималар гаплашилгани, қандай фикрга келингани, табиий, эълон қилинмайди. Матбуотга умумий гаплар айтилади, холос.
Шуни тўғри тушуниш керакки, Россия ва Қозоғистонда аҳволнинг ёмонлашиши Ўзбекистоннинг ҳам муаммосидир. Чунки, Ўзбекистондек давлатнинг бюджети шу икки мамлакатда ишлаётган ўзбек мардикорларининг пули эвазига оёқда турган эди. Демак, энди давлат бюджетимиз таҳлика остида қолади. Ўзбеклар қўйдек ёввош халқ бўлса ҳам, кутилмаган норозилик чиқишлари бошланиб кетиши мумкин.
Тан олиш керакки, Ислом Карим ва унинг командаси ўтган 25 йил ичида бўлаётган жараёнларни биринчи марта олдиндан башорат қилиш қобилятлари борлигини кўрсатиб, президент сайловларини муддатидан олдин ўтказиб олмоқда. Аммо, бунинг ўзи етрасиз. Агар, иқтисодда инқилобий ўзгаришлар қилинмаса, аҳволимизни ҳеч нарса тузатолмайди. Сиёсий ўзгаришларсиз эса, иқтисодда инқилобийни қўйиб туринг, ҳеч қандай жиддий ўсиш ҳам бўлиши мумкин эмас.
Балки, Ислом Каримнинг нияти - мутлақо структуралашмаган Ўзбекистон жамиятини оддий пода каби ўз истаган шаклда бошқаришни давом эттиришдир. Шундай бўлса керак, чунки, бу ибтидоий диктатордан бошқа нарса кутиш ҳам ибтидоийлик бўларди.