20 March 2015
09:48 - Хайратон-Мозори-Шариф темир йўлидан фойдаланишга шартлашилди
Афғонистон телерадиокомпаниясининг маълум қилишича, Афғонистон жамоат ишлари вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўлари” ширкати ўртасида Хайратон - Мозори-Шариф темир йўлидан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатишни давом эттириш бўйича шартнома имзоланибди. Уч йилга мўлжалланган шартнома бўйича Ўзбекистоннинг транзит компаниялари ва хизматлари Афғонистон ҳукуматига камида икки миллион доллар миқдорида солиқ тўлашади.

Афғонистон жамоат ишлари вазири Нур Гуль Мангалнинг айтишича, шартнома Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади. Яъни, афғонистонлик тадбиркорлар ҳам Хайратон-Мозори-Шариф темир йўли орқали илгари фақатгина импорт қилолган бўлишса, эндиликда ўз товарларини экспорт қилишлари мумкин бўлади.

Маълумки, ҳозир Туркманистонни Тожикистон билан Ўзбекистонни айланиб ўтиб Афғонистон орқали боғловчи темир йўли ҳам қурилмоқда. У битгунча, Хайратон - Мозори-Шариф темир йўли муҳим аҳамиятга эга бўлиб қолаверади.

Расмда: 1985 йили СССР тарафидан қурилган ва ўша пайтда “Дўстлик” номи берилган 816 метрлик Термизни Афғонистон билан боғловчи темир йўл кўприги.