
Кеча, сайлов олди компанияси доирасида қилинган охирги чиқишида Исроил Бош вазири Бенямин Натаняху шундай деди: “Мен Бош вазирлигим даврида Филистин давлати бўлмайди”. Натаняхунинг бу гапи ҳеч кимга янгилик эмас, чунки, унинг сўнгги йўллардаги сиёсатининг марказида Филистин давлати қурилишига йўл бермаслик турарди.
Аслида, ҳали муддати битмаган Исроил парламенти Кнессетнинг тарқатиб юборилиши ва муддатдан олдин янги сайловлар тайинланиши – Натаняхунинг Филистин давлати қурилишига йўл бермаслик сиёсатининг натижасидир.
Ҳамма нарса ўтган йилнинг охирги ойларида Натаняху раислигидаги Ликуд партияси ўзининг иттифоқчиси “Исроил бизнинг уйимиз” партияси билан Кнессетга “Исроил давлатининг миллий характери ҳақида” номли қонун лойиҳаси киритишидан бошланди. Бу қонунга кўра, араб тили давлат тили мақомини йўқотарди. Аммо, Натаняху ҳукуматининг парламентда коалициясига кирувчи бошқа икки ташкилотнинг лидерлари – Яира Лапида (у Молия вазири ҳам эди) ва Ципи Ливни (у Адлия вазири эди) – бу қонун лойиҳасига қарши чиқдилар, Натаняху уларни истеъфога жўнатди, ҳукумат коалицияси бузилди ва 2 декабрь куни Кенессет янги сайловлар тайинлади. Мана бугун ўша сайловлар куни.
Демак, бу сайловларда яна Натаняху ғолиб чиқса, Исроилда аҳвол яна ҳам ёмонлашади. Тўғри, у ғалаба қозонмаса, ишлар яхши томонга кетади дейиш ҳам қийин.