
АҚШ Миллий Демократия Институтининг (National Democratic Institute - NDI) Евроосиё бўйича минтақавий директори Лора Жуит 18 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Улуғбек Муҳаммадиев билан учрашди, деб хабар қилди вақтли матбуот.
Ҳолбуки, Жуит хоним 17 февраль куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида ўтказилган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг ҳисоботи тақдимотида иштирок этган ва ҳуқуқ ҳимоячлари билан танишган ва демократия алифбосининг бош ҳарфи бўлган инсон ҳуқуқлари масаласида “Эзгулик” фаоллари билан ҳамкорлик қилишга келишганди.
Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг матбуот хизмати эса Миллий Демократия Институтининг вазифаси Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга самарали кўмаклашиш борасидаги имкониятларини ўрганишдангина иборат бўлди ва бўлади маъносида хабар тарқатган. Матбуот хизматига кўра, томонлар парламент назорати соҳасида тажриба алмашиш механизмлари, қонун ижодкорлиги борасидаги тажриба ва қонунларни ижрочиларга самарали етказиш, шунингдек, Олий Мажлиснинг давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш жараёнидаги ўрнини муҳокама қилишганмиш.