19 February 2015
10:22 - Нурсултон Назарбой обрўйи борлигида президентликдан қочмоқчими?

Қозоғистон Халқ Ассамблеясининг Кенгаши бир неча кун аввал ўтказган ўз мажлисида Қозоғистонда муддатидан олдин президент сайлови ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Кенгаш аъзоларига кўра, навбатдаги президент ва парламент сайловлари бўлиши керак бўлган 2016 йилда дунёда ҳам молиявий иқтисодий бўҳрон, ҳам дунёқарашга оид ва цивилизацион бўҳрон авж палласига чиқади. Шунинг учун сайловларни аввалроқ ўтказиб олиш яхши бўлармиш.

Би қарашда, бу таклиф жорийдаги Президент Нурсултон Назарбойга қарши қилинаётган ишдек кўринди. Бироқ Қозоғистон Халқ Ассамблеясининг раиси Нурсултон Назарбойнинг ўзи эканини инобатга олсак, бу таклиф бевосита унинг ўзидан чиққанлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Кеча Қозоғистон парламенти Мажлис бу таклифни қўллаб-қувватлаб, Нурсултон Назарбойни ҳам шундай қилишга чақирувчи баёнот қабул қилди.

Қозоғистонда Нурсултон Назарбой раҳбарлигидаги диктаторликдан қолишмайдиган авторитар режим ҳукм сурмоқда. 2016 йилда президент сайловлари бўлса, Қозоғистоннинг иқтисодини олға сураётган Нурсултон Назарбой янгидан президент бўлиб сайланиши ўз-ўзидан маълум. Қолаверса, Ислом Карим ҳам бу йил вақтидан олдин президент сайловлари ўтказмоқда. Бундай вақтли сайловлар ўтказишдан мақсад нима?

Бу саволга жавоб йўқ. Ислом Карим ва Нурсултон Назарбой каби ярим диктатор ярим авторитар президентлар Ливия ёки Мисрда бўлгани каби воқеалар бошланиб кетишидан қўрқиб, тезроқ сайловлар ўтказиб олиш ҳаракатига тушганларини гапириш мантиқсизлик бўларди. Чунки, бундай воқеалар бошланиб кетса, уларни ҳеч нарса қутқаролмайди.