18 February 2015
17:48 - USAID Ўзбекистонга янги лаборатория тақдим этди, у нималарга қодир?
Бугун хатқутимизга АҚШ элчилигининг матбуот хизматидан келган релизда айтилишича, АҚШнинг халқаро ривожлантириш бўйича Агентлиги (USAID) Ўзбекистонга замонавий ИНВИТРО лабораториясини тақдим этди. ИНВИТРО – донали ва бошқа турдаги мевалар лабораторияси бўлиб, у Мирзаев номидаги боғдорчилик ва узумчилик илмий-тешкириш институтига тақдим қилинди.

Очилиш маросимида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен кириш сўзи билан иштирок этиб, Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан бирга барча объектларни кўздан кечирди, дейилади релизда.

Мазкур лаборатория бир ҳафтада вируслар ва шўр ерларга чидамли бўлган мевали дарахтларнинг 5000 та кўчатини етиштириш имконини беради. Оддий иссиқхоналардан фарқли равишда, бу лаборатория йил давомида узлуксиз ишлай олади. Лойиҳа доирасида олинган жиҳозлар 300 минг АҚШ доллари атрофида баҳоланиб, етиштирилган кўчатларни сотиш ҳисобига ҳар йили Институтга 100 минг доллар фойда келтириши мумкин. Энг яхши кўчатларни ўзбекистонлик фермерлар анча арзон нархларда харид қилишади.

Маълумки, 300 минг доллар - АҚШда ўрта миёндан ҳам паст даражадаги одамлар сотиб оладиган уйнинг нархидир, дейди мухбиримиз. ИНВИТРО лабораторияси нималарга қодир нарса эканлигини, унинг жиҳозларини қийматидан ҳам тушунаверса бўлади. Аммо, қашшоқ мамлакатга шу ҳам катта совға.