6 февраль куни тунги соат 22 да Тошкентнинг Себзор даҳасида жойлашган “SULTAN” ресторанига босқин уюштирилди. Тиш-тирноғигача қуролланган, қўлида дубинка ва автомат тутган бир гуруҳ ниқобли шахслар ресторан хўрандалари-ю хизматчилари, маъмурият вакилларини зўрлик билан зирҳланган автоуловларга тиқишди. Босқиндан эсанкираган қари-ю ёш, эркагу-аёлнинг чинқиривлари бутун маҳаллага эшитилди. Қарийб 4 соат давом этган тунги босқин бугун даҳанинг тинчини бузди: гўё, бир гуруҳ қуролланган бандитлар тинч аҳолига ҳужум қилди-ю, айрим хорижий мамлакатларда содир бўлаётган террорчилик хуружлари содир этилди!
Кейинчалик маълум бўлишича, қуролланган шахслар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг махсус рейди бўлиб, улар ресторандан фаҳш, гиёҳванд моддалар ёки уюшган жиноий гуруҳни қўлга олишган. Бироқ босқиннинг бошқа рейдлардан фарқи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари кишиларни айбли-айбсизлигини суриштириб ўтирмади. Овқатланиш, ором олиш ва мусиқа тинглаш учун келган меҳмонлар, хўрандалар эсанкираб, ўзларини йўқотиб қўйишди. Ҳозирда уларнинг кўпчилиги аллақаерларда сўроқ бериб ётишибди, айримлари қўрқувдан касаллик ортиришган. Ресторан маъмуриятидан бир неча киши ҳибсда сақланмоқда.
Воқеа шоҳидларининг таъкидича, рестроран ходимларининг чинқириғи, қутурган, ўзлигини йўқотган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қилмиши ҳали бери себзорликларнинг эсидан чиқмайди. Инсон ҳуқуқлари олий қадрият деб лоф урилаётган мамлакатда кишиларга бундай муносабат юзасидан албатта Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги маъмурияти жамоатчиликка бир неча куннинг ичида изоҳ бериши лозим.
Мазкур ресторанга яқин жойда истиқомат қилувчи таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Васила Иноятованинг таъкидича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг бундай шафқатсиз штруми ҳеч қандай мақсадни оқламайди. Аксинча, кишиларда қўрқув, ваҳима уйғотувчи бундай маска-шоу мамлакатдаги барқарор ижтимоий вазиятга нисбатан шубҳа уйғотади. Хавфли жиноятчи қидирилганми, наркодилерни қўлган олиш операцияси ўтказилганми ёки эҳтимолий террорчини зарарсизлантириш амалиёти ўтказилганми, бундан қатъий назар дам олиш учун келган, тинчгина овқатланаётган шахсларнинг конституциявий эркинлиги, уларнинг ҳуқуқларига тажовуз қилинмаслиги лозим эди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мақсадидан қатъий назар бундай босқинчиликни кескин қоралайди ва мамлакат Бош прокуратураси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари маъмуриятини ҳуқуқлари камситилган, мамлакатдаги муҳим сиёсий тадбир - президентлик сайлови арафасида тинчи бузилган фуқаролар, сайловчилардан кечирим сўраши керак, деб ҳисоблайди.