02 February 2015
18:09 - Масхарабозлик: Россия, Ҳиндистон ва Хитой жаҳон молий системасини дарҳол реформа қилишга чақирибди
Бугун Пекинда учрашган Россия, Хитой ва Ҳиндистоннинг ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров, Ван И ва Сушма Сварадж тарафидан имзоланган коммюникеда жаҳонда бўлаётган асосий жараёнлар тилга олинган, Эроннинг ядровий дастури, Суриядаги уруш ҳам четда қолмаган. Бу ҳақда русларнинг “Нововсти” агентлиги хабар беради. Ҳамма муаммолар бўйича умумий шкалдаги чақириқлар бор. Масалан, Украинадаги кризис ва Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари тўғридан тўғри тилга олинмаса ҳам, халқаро ҳамжамиятда бир тарафлама санкциялар киритиш амалиёти қораланган ва ундан воз кечишга чақирилган.

Аммо, Пекинда имзоланган ҳужжатда жуда конкрет бўлган бир масала бор. Бу – жаҳон молия системасини дарҳол ислоҳот қилиш ва бу системада ривожланаётган мамлакатларнинг ролини ошириш ҳамда Халқаро Валюта Фондининг квоталарини ўзгартириш. Ҳужжатда “дарҳол” сўзи борлиги ҳам диққатга сазовор.

Маълумки, дейди “Ҳаракат” мухбири, мавжуд жаҳон молия системаси Ғарбнинг қўлида ва системанинг ўзаги АҚШ долларидир. Бу система яхши-ёмонлиги бошқа масала, аммо уни ўзгартиришга бу уч мамлакатнинг қурби етмайди.

Тахмин қилиш мумкинки, бундай ислоҳот талаби Россиядан чиққан, Хитой ва Ҳиндистон уни шунчаки қўллаб-қувватлашган. Бечора Россия ҳозирги аҳволидан чиқиш йўли сифатида дарҳол жаҳон молия системасини ислоҳот қилиш ва унинг бошқарувини Ғарб қўлидан олиш устида ўйлаётгани ножиддийликдир.