30 January 2015
20:42 - Германия Термиздаги ҳарбий базасидан фойдаланишда давом этмоқчи. Нимага?

Мазкур мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг Германия Ўзбекистоннинг Термез шаҳридаги ҳарбий ҳаво базасидан фойдаланавериши ва немис ҳукумати бу борада расмий Тошкент билан келишувга эришганини тасдиқлади. Podrobno.uz сайти мухбири билан суҳбатда элчи Найтхарт Хёфер-Виссинг: “Биз Афғонистонга коалиция кучлари киритилиши билан бошланган бу ҳамкорликни давом эттирамиз. Бу борада ишлар давом этади", деб айтган.

Таъкидлаш керак, Германия Термиз ҳаво базасидан 2002 йилда АҚШ раҳбарлигидаги халқаро коалиция Афғонистонга киритилганидан бери фойдаланиб келади. Термиз базасидан фойдаланиш шартномасининг муддати 2014 йилнинг 31 октябрда тугаши керак эди. Аммо бу муддатни узайтиришга ўтган йилнинг 1 сентябрида келишилган.

Германиянинг, АҚШдан фарқли ўлароқ, Афғонистонда терроризмга қарши урушда иштирок этишни давом эттириш нияти борлигига ишониб бўлмайди. Шундай экан, унинг Термиз базасида қолишининг сабаби битта бўлиши мумкин - АҚШ шундай қилишни сўраган. Бунга "хўп" деган Германия раҳбарлари олқишга лойиқ.