17 January 2015
22:48 - Ислом Каримнинг навбатдаги нутқига кўра, Ўзбекистоннинг келажаги, ҳозиргиси каби, ғариб бўлади
16 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтгани ҳақида умумий гаплардан иборат хабарлар тарқатилган эди. Бугун ЎзА Ислом Каримнинг ўша мажлисдаги нутқини эълон қилди.

Узундан узоқ нутқ мамлакат иқтисодининг ҳеч билмаётган, ҳеч ким амалда кўрмаётган улкан ютуқларини санаб ўтишга бағишланган. Ҳар доимгидек, Ялпи Ички Маҳсулотнинг ҳажми айтилмасдан, у 2014 йилда 8,1 фоизга ортгани, 2015 йилда 8,1 фоизга ортиши урғуланган. Ваҳолангки, киши бошига Ялпи Ички Масулот ҳажми бўйича Қозоғистондан 8-10 баравар орқадамиз, яқин келажакада бу форқ 20 бараварга чиқиши кутилмоқда. Демак, ўзбек халқи яқин келажакда қозоқларнинг мардикорларига айланиш ҳолига тушади. Мабода, қозоқларнинг иқтисоди ўсишни бутунлай тўхтатса ҳам, уларга етиб олишимиз учун бир неча юз йил вақт керак бўлади. Ҳозирча Ўзбекистонда ўртача ойлик қозоқлардан 8 марта камми, демак,яқин йилларда шунга яқин дарадажа қолаверади.


Ислом Карим ўз нутқида ҳақиқий вазиятни гапирмадими, аҳволимизга диагноз қўймадими, демак, аҳволни тузатиш устида ҳукумат ўйлаётгани ҳам йўқ, У ўз нутқида мустақиллик йилларида одамларнинг уйларидаги замонавий телевизорлар сони 1,5 мартага, автомобиллар сони 3,5 марта ошганини гапириши эса, ножиддийликдир.

Тўғри, унинг нутқида диққатга, балки, мақтовга сазовор биттагина жой бор. Мана нутқнинг ўша парчаси:

“Маълумки, Ўзбекистон жаҳон бозорида хомашё ресурсларининг, масалан, пахта ва бошқа турдаги хомашёларнинг нархи кескин тушиб кетган ҳолатларни кўп маротаба бошидан кечирган.

Шу билан бирга, тўқимачилик ва енгил саноатнинг бошқа тармоқларида ана шу пахта хомашёсини янада чуқур қайта ишлашни таъминлаш, бўялган ип-калава, трикотаж полотноси ва матолар каби тайёр маҳсулотларни хорижий мамлакатларга экспорт қилиш, кейинчалик, замонавий технология ва дизайнни фаол ўзлаштириш асосида, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришда улкан самарага эриша оламиз.”

Ўзбекистон мустақил бўлганига 25 йил бўлди. “Бирлик” мустақилликдан аввалоқ пахтани хомашё сифатида сотиш аҳмомқона иш эканлигини, биз пахтадан тайёр тўқимачилик маҳсулотлари тайёрлаб, кейин уларни сотсак, олинадиган фойда ўнларча эмас, юзларча марта кўп бўлишини айтиб келмоқда. Ислом Карим эндигина шуни тушуниб етибдими? Аммо, бу соҳада ҳам катта ўзгаришлар бўлишига ишониш қийин. Чунки, аввламбор, инқилобий ўзгаришлар қилиб, ҳақиқй бозор иқтисодига ўтиш, Советлардан қолган бўйруқбозлик ва маъмуриятчилик системаси ўрнига бозор иқтисодига асосланган янги бошқарув системаси яратилиши лозим. Бунинг учун демократик тузум бўлиши шарт.

Ислом Карим жамиятни демократиялаштириш ҳақида нутқ сўзлаганига 3 йилдан ошди, аммо ҳеч нарса ўзгармади. Демак, буни қилолмаётган режимнинг ўзини ўзгартириш лозим.