
Масхарабозлиги билан танилган Президент Ислом Каримнинг кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий йиғилишида сўзлаган нутқи кўрсатмоқдаки, бу одам масхарабозлик чегарасидан ҳам четга чиқиб, ақлдан озганлигини очиқча намойиш қилишга ўтган.
Унинг нутқи расмий ЎзА агентлиги тарафидан кеча кечасига яқин эълон қилинди. Қуйида нутқ матнининг қора ҳарфлар билан ажратиб қўйилган жойларидан баъзиларини ўқишингиз мумкин:
“...Баъзи давлатлар, қани, биз ҳам шундай натижаларга эришсак, деб бизга ҳавас билан қараётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас... пухта ўйланган вазмин сиёсат олиб борганимизни бугун ҳаётнинг ўзи қайта-қайта исботлаб бермоқда... улкан, айтиш мумкинки, асрларга тенг бўлган йўлни босиб ўтдик....”
Ҳатто Совет замонида ҳам Марказий Осиёда ҳар томонлама лидер бўлган, ҳозир ўзи раҳбарлигида қашшоқ ҳолга келтирилиб, миллионлаб ўзбеклар чет элларда қуллардек мардикорлик қилишга мажбур бўлаётган, давлетнинг бюджети ўша мардикорларнинг пули билан оёқда турган Ўзбекистон ҳақида айтаётган гапларига қаранг. Куласизми, йиғлайсизми? Одамнинг ақли жойидами?
Ким Ўзбекистонга ҳавас қилар экан, қандай пухта ўйланган вазмин сиёсат бор экан, асрларга тенг келадиган йўлни нега ҳеч ким кўрмаяпти? Ёки у энди бизда Ғарб дунёси яратган мобил телефон, Интернет, япалоқ телевизорлар ҳам борлигини катта ғалабамиз деб ҳисобламоқдами?
Аҳволимиз шундайки, ҳар қандай давлат иқтисодининг асосий кўрсатгичи бўлган Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича, Ғарб давлатларини қўйиб туринг, қўшниларимиз Қозоғистон ва Туркманистондан 8 ва 6 баравар орқадамиз. Аҳолининг ўртача ойлиги бўйича ҳам шунчага орқадамиз. Қозоғистонда ўртача ойлик 700 доллар атрофида, бизда 80 доллар. Қозоқ дворниклари ўзбек профессорларидан кўп ойлик олади. Яна 10-15 йилдан кейин Қозоғистон билан фарқимиз 20 бараварга чиқиши кутилмоқда.
Ҳақиқий аҳвол айтилмаяптими, демак, Ислом Каримнинг режими бизни бу қолоқликдан чиқариш учун ҳеч нарса қилмоқчи ҳам эмас. Президентнинг нутқида энди нималар қилиш керак деган савол тилга ҳам олинмайди, демак, жавоби ҳам йўқ.
Ҳозир аҳвол шундайки, ғафлат уйқусида ётган ва миллат сифатини йўқотган ўзбеклар эртанги кунни ўйлашни ҳам билмайдилар, Ал Хоразмий авлодлари бўла туриб, қозоқларга мардикорчилик қиладиган ҳолга тушганлари билан ҳам ишлари йўқ, миллий ғурур деган нарсанинг ўзи қолмаган. Бундан фойдаланган Ислом Карим тахтда ўтираверади, Ўзбекистонда ҳеч нарса ўзгармайди, мамлакатимизнинг иқтисоди қўшниларга нисбатан чўкишни давом эттираверади. Демак, Ўзбекистоннинг давлат сифатидаги келажаги ҳам йўқ.
Бор муаммоларни тўғри тушунаётган, миллат ва давлатнинг аянчли аҳволига, касаллигига тўғри диагноз қўйган “Бирлик” Партиясигина вазиятни тузатолади. Аммо, ҳамма ишни ўзбекни ғафлат уйқусидан уйғотиш, миллий туйғулари ва ғурурини тирилтириш билан биргаликда олиб бориш керак