13 January 2015
01:14 - Бу дунёда фақат террор эмас, гўзалликлар ҳам бор

Содда ўзбеклар, айниқса, мусулмон мамлакатларида ҳар куни юз бераётган қонли воқеаларни, асосан, террор воқеаларини кўриб, “Худога шукр, бизнинг осмонимз тинч” деб ўтиришгани ҳаммага маълум.

Аммо, тан олиш керакки, 1-2 йил аввал украиналар ҳам, бор-йўғи бир неча кун аввал французлар ҳам, шундай кунларга келамиз деб ўйламасдан юришарди. Аслида, ўйлаш керак эди. Жамият ичида муаммолар вақтида ечилмаса, улар ахир бир кун портлайди, қон тўкилади. Ўзбекистонда чуқурлашиб бораётган ижтимоий-иқтисодий муаммолар тезроқ ечилмаса, мамлакатимзда қонли воқеалар бошланади, юз минглаб ўзбеклар ҳалок бўлади, демоқда “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат. Бу кунларни кутиб ўтириш керакми? Миллатнинг ичида ақлли одамлар бўлса, бундайлар раҳбарият ичида йўқ, қонли воқеаларнинг олдини олиш ҳақида ўйлашлари керак.

Бу хабарнинг мақсади бошқачароқ, дунёда террордан бошқа нарсалар ҳам борлигини кўрсатиш.

Қаранг, расмда Италиянинг Пассо Сан Болдо довонидаги 6 та ёнма-ён қурилган туннелни кўрмоқдасиз. Бир тарафдан, қаватма-қават туннеллар бошингизни айлантиради, бошқа тарафдан, табиатнинг гўзаллиги, туннеллар бу гўзалликни бузмасдан, уни яна ҳам чиройли қилаётгани кўзингизни қамаштиради. Бу ердан тезроқ ўтиб кетишни эмас, атрофдаги гўзалликни яна бир марта кўриб олишни истайсиз.

Қани биз ҳам Қамчи довонидаги тоннелни кундалик ташвишлар ичида ўтиб кетадиган жой сифатида кўрмасдан, у ердан ўтаётганда одамни завқлантирадиган, Ал Хоразмий авлодлари эканлигини ҳам унутиб, мардикорлар тўдасига айланиб кетаётган ўзбекларни янги уфқларга чорлайдиган гўзаликка айлантирсак.