
Франциянинг махсус хавфсизлик хизматига оид қуролли гуруҳлар кечадан бери Charlie Hebdo номли ҳажвия газетасининг офисига ҳужум қилиб, 12 кишини ўлдиришда гумон қилинаётган асли араб, аммо Францияда туғилиб катта бўлган мусулмон ака-ука Шериф ва Саид Коуашиларни ушлаш ҳаракатида эди. Бугун Париждан 40 км узоқдаги бир шаҳарчада босмахонага яшириниб, у еда бир неча кишини гаровга олган террористлар таслим бўлиш талабини рад этишгач, ўлдирилдилар, йўқ қилиндилар. Гаровга олинганлар соғ эканлиги айтилмоқда.
Айни замонда, бу икки ака-уканинг озод этилишини талаб қилган бошқа бир террорист (у африкалик, қора танли мусулмон экан) Париж чеккасидаги бир яҳудийлар озоқ-овқат дўконини босиб олиб, бир неча кишини гаровга олган эди. Махсус хизмат кучлари бу террористни ҳам ўлдирдилар. У гаровга олинганлардан икки кишини ўлдиришга улгургани айтилмоқда. У билан бирга оқ танли аёл борлиги хабар қилинганди, аммо у нима бўлгани ҳақида маълумот тарқатилгани йўқ.
Очиқча бўлмаса ҳам, аслида, бу каби террористик ҳужумларни оқлашга интилаётган мусулмонлар - ҳар куни Покистон, Афғонистон, Яман, Ироқ, Сурия, Филистон каби ўлкаларда юзлаб мусулмонлар ўлдирилаётгани, аммо Ғарб бунга эътибор бермаётганини гапирмоқдалар. Бундай гапираётганлар ичида оддий мусулмонлардан ташқари Туркиянинг биринчи даражали раҳбарлари ҳам бор. Аммо, улар ҳамма ерда қотиллар мусулмонларнинг ўзи эканлигини эсдан чиқариб қўймоқдалар, шекилли.
Париждаги қонли воқеалар, нобуд бўлганларнинг сони билан эмас, моҳияти билан, Нью-Йоркда 2001 йил 11 сентябрда уюштирилган террористик актларнинг ўхшашидир. 2001 йил 11 сентябрь воқеаларига жавобан, Афғонистон ва Ироқда олиб борилган антитеррор урушида Ал Қоида ва Толибоннинг ўчоқлари йўқ қилинди, аммо террор тўхтамаяпти. Демак, фақат уруш эмас, бошқа ишлар ҳам қилиш керак.
Ҳеч шубҳа йўқки, ҳозир ислом терроризмининг илдизлари чаласавод ислом уламолари Ислом динини хато йўлга солганида эканлигини ҳамма тушуниб етишга бошлайди ва “Ҳаракат” Агентлиги кўп йиллардан бери айтиб келаётган Ислом динида ислоҳотлар ўтказиш масаласига урғу берилади. Ислоҳотларни мусулмонларнинг ўзи қилмаса, Ғарб қилади. Бу диннинг ўлимидир.