29 December 2014
22:16 - МУРҒАК ЖОН ФОЖИАСИ
2014 йил “Соғлом бола” йили якунида 3 яшар Асилбек Абдурахмоновнинг ҳаёт шами ҳам шифокорлар айби билан якун топмоқда....

ЎИХ “Эзгулик” жамиятига мурожаат этган Сирдарё вилоят Мирзаобод туман “Янги ҳаёт” маҳалласида яшовчи 53 яшар Шербеков Абдурахмон, ўзининг 2011 йилда туғилган невараси Асилбекнинг бўйин соҳасидаги кичкина бези улғайганда ноқулайлик туғдирмаслиги учун олдириб ташлаш мақсадида 2014 йил 16 ноябр куни Сирдарё вилояти кўп тармоқли шифохонасининг болалар хирургияси (жарроҳлиги) бўлимига олиб борган...

Бўлим жарроҳи (45 йиллик иш тажрибасига эга, фан номзоди, доцент) Азим Суярович Расулов ҳамда Шухрат Деҳконов ва реаниматор Олим Мамадалиев (наркоз берган) гарчи Асилбекнинг қон тахлили 80 даражада бўлишига қарамай, унга 5 лик ўлчамдаги наркоз юборишади...

15 дақиқа ичида (?) амалга оширилган жарроҳлик амалиётидан сўнг ҳали ўзига келмаган Асилбекни палатага ўтказишиб, ҳеч қандай тиббий маълумоти бўлмаган унинг онаси назоратида қолдиришади...

Ҳеч нарсадан бехабар она ёлғиз фарзандини наркоздан сўнг уйғонишини 10-15 дақиқагача кутиб, унинг нафас олмаётганини сезиб қолиб, оғиз атрофлари кўкара бошлагач, қўрқиб кетиб дод-фарёд қилади.

Унинг овозини эштган бўлим шифокорлари ва тиббий ҳамширалар етиб келишиб, Асилбекни клиник ўлим ҳолатида эканлигини кўришиб, тахминан 4-5 дақиқадан бери нафас олмаётганлиги маълум бўлгач, уни зудлик билан жонлантириш бўлимига олишиб, сунъий нафас беришади...

3 яшар Асилбек зўрға нафас ола бошлагач “уни жарроҳлик амалиётидан ўтказган” шифокорлар Республика Шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш илмий Марказининг Сирдарё филиали болалар реанимацияси бўлимига етказишади...

“Набирам 1-ойдан бери кўзини очмаяпти, борган сари озиб, кун сайин кўз олдимда ҳаётдан сўниб бормоқда, машинадан ўйнаб-кулиб тушиб, жарроҳлик хонасига кираётганида маъюс нигоҳи бизда қолиб кетди” деб, ўзини ҳамда ёлғиз набирасини шу аҳволга тушишига (А.С.Расулов, Ш.Дехконов, О.Мамадалиев) сабабчи бўлганларни лаънатлар экан, йиғлаб 53- яшар бобо А.Шербеков, ўзи ва ўғиллари 5 марта Тошкентдан ўз ҳисобларидан ҳаражат қилишиб, профессор-мутахассислар олиб келишса-да, натижа бўлмаётганлигидан шикоят килди.

Дарҳақиқат биз, “Эзгулик” фаоллари Асилбекни жарроҳлик амалиётидан ўтказган барча шифокорлар ва уларнинг мутасадди рахбарлари билан учрашиб, суҳбатлашдик. Табиийки Асилбекнинг аҳволига доир саволлар бердик...

Натижа эса жуда ғалати бўлди! Жарроҳ (45 йиллик тажриба сохиби) “ҳамма процедуралар тўғри амалга оширилганлигини, ҳеч бир шифокор атайлаб, ёмон ниятда амалиёт олиб бормаслигини” таъқидлади. Реаниматолог ҳам Асилбекка 5 лик дозадаги наркоз тўғри берилганлигини исботлашга уринди...

А.С.Расуловдан: «Нега операциядан энди чиқиб, ҳали ўзига келмаган норасида беморни дарҳол назоратчи-ҳамшираларсиз палатага ўтказдингиз?»- деган саволга «Онаси телефон билан овора бўлиб, боласини ҳолидан ўз вақтида ҳабар олмаган» (?) - деб ўзини оқлашга ўринди... (аслида Асилбекнинг ахволига масъул 2 нафар ҳамшира ўз хизмат постларида бўлмай, ташкарида ўз шахсий ишлари билан банд бўлишган).

Беморга қандай ташхис қўйилганлигини аниқлаш мақсадидаги СВКТТМ бош шифокори Т.Б.Буроновга ёзган сўровномамиз натижаси 20 дақиқа кутиш, бўлимда электр энергияси йўқлиги, бош шифокор ўринбосари С.О.Худойбердиев билан Т.Б.Буроновнинг 2-3 бора кириб-чиқиб узаро маслаҳатлашуви, қаерларгадир қилган телефон кўнғироқларидан сўнг “Биз касаллик тарихидан кўчирмани фақат ИИБ, МХХ, ва Прокуратура ходимларига тақдим этамиз, Сизларнинг вилоятда идораларнингиз йўқ экан-ку?” дегач, бизнинг талабимиз билан бу ҳақда сўровномамизга “Сирдарё вилоят Соғлиқни Сақлаш Бошқармасидан рухсат олишимизни” ёзиб берди.

Шундан сўнг РШТЁИМ Сирдарё филиали бошлиғи У.И.Файзиевга учрашиб, “Нега Асилбекнинг ота-оналари талабига кўра, 1 ойдан буён аҳволи ўзгаришсиз оғир бўлган беморни филиалининг Тошкентдаги Марказига жўнатмаяпсиз?” деган саволимизга “У ерда жой йўқ экан, ундан сўнг нега Марказга олиб келдиларинг, нима учун жойларда илмий марказнинг филиалларини очиб кўйибмиз?” деб, бизни урушади - деган жавобни олдик...

Навбатдаги саволимиз; Асилбекнинг ота-оналари шу кунгача 7 000 000 сўмдан ортиқ дори-дармон учун сарф- ҳаражат қилибди, ўзларингизда етарли дори воситалари йўқми?, Давлат раҳбари томонидан бу йил “Соғлом бола йили” – деб эълон қилиниб Давлат Дастури қабул қилинган, бундан ташқари халқаро ташкилотлар, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти ва бошқа донор хайрия жамғармаларидан, грантлардан маблағлар тушмоқда-ку?” деган саволимизга раҳбар тутоқиб кетиб: “Ўзимизда борини қилаяпмиз, йўқ бўлгандан сўнг, дорихоналардан керак бўлса олади-да” деган жавоб бергач, ундан ҳам Асилбекни касаллик тарихидан кўчирма беришликни сўрасак, рад жавоби берди...

...Реанимация бўлимида Асилбекка қарайман. Нозиккина болакай, оғзига зонд қуйилган ҳолда оғир нафас олиб ётибди. Пешонасига қўлимни кўйсам, қовоқлари сал-сал қимирлаб қўйди. Худди Асилбек билан тенгдош набирам кўз ўнгимга келди...

Шу вақтда даволовчи шифокор Асилбекни отаси қўлига навбатдаги 150.000 сўмлик дори учун рецепт қоғози берди...

Қизиқ, 1 ярим ойдан буён хушсиз-оғир кома ҳолатида ётган бемор болакайга ҳар куни 100-200 000 сўмлик дори-дармон ростдан ҳам керакмикин? Афсуски, менинг тиббий саводим йўқ. Балки бу ҳолатга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги жавоб берар?

Ёдимдан кутарилибди: Биз Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишонч телефони орқали Вазирлик ўринбосаридан бири билан суҳбатлашиб вазиятни тушунтирдик.

Ул зот чамаси 10 дақиқача вақт ичида беморнинг бизга ким бўлиши, у ҳақдаги батафсил маълумотларни, ҳамда бизнинг ташкилот ҳақда, унинг раҳбари кимлиги, телефони, бизнинг телефонларимиз, исми-шарифларимизни тўлиқ ёзиб олгач, мулоқот сўнгида, “Вазирликка расмий мурожаат этишлигимизни, сўнг бу масалани белгиланган вақт ичида кўриб чиқиб, жавоб йўллашини билдирди...” 2014 йил 26 декабрь куни жамият фаоли Х.Алибаев Сирдарё вилояти Соғлиқни Сақлаш Бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Х.Тожиевга шахсан учрашиб, Асилбекка бошқарма томонидан қандай ёрдам кўрсатишлик масаласида учрашди. Х.Тожиев мурожаатимизни тўлиқ эштиб бўлгач “2-3 кундан сўнг, бу масала билан шуғуланишга” ваъда берди.

...Нахотки Совет замонидан қолган бюрократик-қоғозбозлик, Соғлиқни Сақлаш тизимида ҳамон яшаб келмоқда?!

Вақт эса ўтиб, бегуноҳ норасида Асилбекнинг ҳаёт шами сўниб бормоқда эди...

Қўшимча: Мақола тайёрланаётган вақтда (23.12.2014 й) Асилбекни ота-оналари бизга телефон орқали шу куни бехуш фарзандларини Тошкент шаҳридаги РШТЁИМнинг болалар бўлимига олиб боришганликларини, бироқ А.Абдураҳмоновнинг аҳволини кўришгач, турли баҳоналар билан уни яна ортга қайтарганликларини маълум этишди...

Исроил Ризo
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти
Марказий Бошқаруви аъзоси