29 December 2014
17:33 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Сирдарёдаги рэкетга ИИБ терговчилари ҳам қўшилди
Шу йилнинг 6 декабрида сайтингиз саҳифаларида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Марказий бошқаруви аъзоси Исроил Ризонинг “ Сирдарёда рэкет пайдо бўлди(ми?” номли мақоласи чоп қилинган, ҳуқуқ ҳимоячиси ўз мақоласида бир жиноят ишини таҳлил қилганди. Мақолада кейинги вақтларда Сирдарё вилоятидаги маҳаллий давлат ҳокимяти органлари, қонунийлик ҳамда ҳуқуқни мухофаза этувчи органлар айрим раҳбар ва мутассаддиларининг баъзи ҳолларда ўз мансаб ваколатларига панжа ортидан қарашлари оқибатида аксарият жабр кўрган фуқаролар иккиёқлама зарар кўриб қолаётгани хусусида гапирилганди.

Хусусан, вилоятнинг Ховос туманида (қўшни Тожикистон Республикасига чегарадош) фуқароларнинг фундаментал хақ-хуқуқлари ўта қўпол тарзда бузилаётганлиги, қонунчиликда энг оғир жиноят деб эътироф этилган – қотиллик, гуруҳ тарзидаги безорилик жиноятлари кўпайгани тилга олинганди. Шунингдек, жамиятига арз қилган Ховос туман “Қахрамон” ҚФЙ, Ойбек кўчаси 55/1 хонадонда истиқомат қилувчи фуқаро О. Э. Абдуллаевнинг 2014 йил 6 апрел куни ўзи қонуний фаолият кўрсатувчи савдо дўконига, шу манзилда яшовчи, ўта хавфли рецидивист шахс – Аваз Боймирзаев ўзига хос рэкет уюштиргани ҳикоя қилинганди. Маҳаллий тадбиркордан “доля” олиш истагида рэкет уюштирган рецидив жиноятчи А. Боймирзаев ЖКнинг танага ўртача тан жароҳати етказиш билан қамоққа олинган, ҳозир Ховосдаги изоляторда сақланмоқда.

Муаллиф мақола сўнгида маҳаллий прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларини зўровонликка чек қўйишга чақирган, жиноятчиликнинг оқибатлари хусусида огоҳлантирган эди. Аммо мақола чоп қилингач, рэкетнинг ташкилотчилари, унинг қўллаб-қувватловчилари туман Ички ишлар бўлими ва прокуратурада экани маълум бўлди. Иш терговчини олиб бораётган Ховос тумани ИИБ тергов бўлими терговчиси Раҳим Болтабоев мақола чиққач, жабрланувчи Абдуллаевлар хонадонига бостириб келди ва уларга пўписа қилди.

Бераҳм терговчи Раҳим Болтабоев рэкетчи А. Боймирзаев ишининг амнистия ҳақидаги Сенат қарорига кўра ёпилиши, жабрланувчиларнинг бунга розилик ҳақида ариза беришларини талаб қилди. Жабрланувчилар бунга кўнмагач, пўписа йўлига ўтди. “Агар амнистияга рози бўлмасаларинг началниклар хафа бўлади, унда ўзларингни жавобгарликка тортишга мажбур бўламан”, деди терговчи.

Шундан сўнг жабрланувчи хонадон вакилларининг бир нечасини ёлғон гувоҳлик берганликда айблаб далолатнома тузди. Афтидан, рэкетчининг қўли милиция ва прокуратуранинг кўмагида яна баланд келади ва жабрланувчи хонадон вакилларининг ўзлари навбатдаги жабрни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан кўради.
Қўни-қўшнилар орасида рэкетчи А. Боймирзаевнинг яқинлари прокурор ва маҳаллий миршаббошига ишни тинчитиш учун 5 000 000 сўм тиқиштиргани ҳақида миш-мишлар юрибди. Албатта, шамол бўлмаса дарахтнинг учун қимирламайди, деганларидек бу узунқулоқ гапларда жон борга ўхшаб қолди. Қолаверса, воқеалар ривожи ҳам шунга қараб кетмоқда.

Оммавий ахборот воситалари орқали Ўзбекистон Ички ишлар вазирлинининг Терроризм, рэкет ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш Бош бошқармасини мазкур ишни назоратга олишга чақирамиз. Ўзбекистон Бош прокуратурасидан ишга нисбатан ҳуқуқий баҳо беришларини сўраймиз. Зотан, юртимизда инсон манфаатлари олий қадрият экан, суянчимиз қонун бўлмоғи керак.

Ҳусниддин Алибоев
ҳуқуқ ҳимоячиси