Ҳа, кеча шундай тарихий кун бўлди. АҚШ бошчилигидаги НАТО қўшинлари 2001 йил 11 сентябрда АҚШда уюштирилган исломий терактларга жавобан Афғонистонда бошлаган 13 йиллик антитеррор урушидан кейин, ўз вазифаларини бажардик деб ҳисоблаб, бу мамлакатдан ўз қўшинларининг асосий қисмини олиб кетишни тамомладилар.Шу муносабат билан расмий маросим ҳам ўтказилган, аммо бўлиши мумкин бўлган террористик ҳужумларнинг олдини олиш мақсадида, бу ҳақда ортиқча хабар тарқатилмаган.
Энди террористларга қарши курашни Афғонистон армияси ва полиция кучлари давом эттиради. Уларни ўқитиш, керак бўлса ёрдам ҳам бериш учун, асосан америкаликлардан иборат бўлган 13 минг кишилик НАТО қўшинлари 2 йилга Афғонистонда қолади.
Замонавий қуроллар билан қуролланган 13 минг кишилик бу қўшин катта кучдир, дейди мухбиримиз. Бу кучсиз нафақат Афғонистоннинг, балки Марказий Осиё давлатларининг, айниқса, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг ҳам нисбий барқарорлиги битган бўларди. Ислом Карим бундан қандай паникага тушгани ҳам ҳаммага маълум.
Аммо, “Ҳаракат” Агентлигининг мухбир ва экспертлари АҚШ қўшинлари Афғонистондан бутунлай чиқиб кетмайди деб аввалдан башорат қилгандилар, айнан шундай бўлди.