
Кеча Озорбайжон ахборот воситалари мамлакат Президенти Илҳом Алиев хотини Меҳрибон Алиева билан биргаликда Бокуда қурилиши битган ва ҳозир безаш ишлари олиб борилаётган масжидни бориб кўришгани ҳақида хабар тарқатдилар. Хабарларда айтилишича, Кавказда энг катта бўладиган бу масжиднинг 4 та минораси, 9 та катта ва кичик гумбазлари бўлади. Минораларнинг баландлиги 72 метр, катта гумбазнинг баландлиги 55 метр, номоз ўқиладиган жойнинг майдони 900 кв метр, аёллар ўқийдиган жойники 350 кв метр. 4 мингдан ортиқ одам бараварига номоз қилолади бу ерда.
Масжид Илҳом Алиевнинг топшириғи билан ва унинг доимий назорати остида қурилмоқда. Масжиднинг номи – Ҳайдар.
Нимага Ҳайдар дейсизми? Чунки, Ҳайдар - бу Ҳайдар Алиев, ҳар қандай диннинг, демок исломнинг ҳам бош душмани бўлган КГБнинг таниқли исмларидан бири, Озорбайжон КГБсининг раҳбари, кейинчалик мустақил Озорбайжон давлатининг иккинчи президенти, Озорбайжонда унинг ўғли Илҳом тарафидан юритилаётган шахсга сиғиниш сиёсатининг марказида турган шахс, гўёки бош миллий қаҳрамон ва лидер.
Ҳамма биладики, Грозний шаҳрида чечен халқининг бош хоини Аҳмат Ҳожи Қодиров номли масжид ҳам қурилган. Савол туғилади: Ислом дини қаерга кетаябди, у чуқур инқироз ичида эмасми? Динимизни йўқ қилиш учун Тошкентда Ислом Карим номли масжид қурмасмиканлар?