06 December 2014
08:10 - Америкаликларнинг янги фазовий кемаси биринчи синовдан ўтди
АҚШнинг авваги авлод Discovery шаттл (кўп марта ишлатиладиган) фазовий кемаси 2010 йил апрел ойида, Atlantis кемаси эса, 2011 йил июль ойида охирги марта фазога учирилган, улар Халқаро Фазовий Станция билан бирга бўлиб, кейин ерга қайтишган эди. Ўшандан бери америкаликлар Халқаро Фазовий Станцияга ўз астронавтларини русларнинг алмисоқдан қолган “Союз” кемалари билан жўнатмоқдалар. NASA ўзининг янги авлод кемалари шу ўн йилликнинг ўрталарида тайёр бўлиши ҳақида кўпдан бери гапириб келарди.

5 декабрда “Orion” деб аталган кема Флорида штати Канаверал бурнидаги Кеннеди марказидан (космодромидан) биринчи марта фазога экипажсиз чиқарилди ва Ер атрофида икки марта айланиб ўша куниёқ Тинч океанининг АҚШ соҳилига яқин жойда сувга қўндирилди. Биринчи тажриба учиши муваффақиятли ўтгани айтилмоқда.

АҚШнинг Аэронавтика ва Фазовий Тадқиқотлар Илмий Бошқармаси (NASA) тарафидан ишлатиладиган “Orion” кемаси келажакда астронавтлар билан Марсга ва турли астероидларга қадар учиши режалаштирилмоқда.

Маълумки, америкаликлар экипажсиз фазовий кемаларини Марсга 2011 йилда учириб бўлганлар. Руслар ҳам Бойқўнғирдаги космодромдан Марсга бориши режалаштирилган "Фобос-Грунт" кемасини ўша йили учиришганди, аммо станция орбитага чиқиши билан ғойиб бўлган.