04 December 2014
22:17 - “ЭЗГУЛИК” ВАКИЛЛАРИ ЖАҲОН БАНКИ МУЛОЗИМЛАРИ БИЛАН УЧРАШДИ (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - №42, 04.12.2014)
4 декабрь куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоллари юртимизга болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат ҳолатларини ўрганиш, бу борада ҳукумат ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувлар ўтказиш учун Вашингтондан келган Жаҳон Банки мулозимлари Серже Селван (Serge Selwan) ва Зайнаб Башир Элбакри (Zeinab Bashir Elbakri) билан учрашди.

Жамият Марказий бошқаруви раиси Васила Иноятова ҳамда Марказий бошқарув аъзоси Абдураҳмон Ташановлар иштирокида ўтган учрашувда мамлакатда болалар меҳнати, мажбурий меҳнат, шунингдек, инсон ҳуқуқлари вазиятига доир вазият таҳлил қилинди. “Эзгулик”чиларнинг умумий фикрига кўра, 2014 йилда ҳукумат томонидан болаларни мажбурий меҳнатга марказлашган ҳолда жалб этишга барҳам берилган. Аммо айрим ҳолларда 2014 йилдаги пахта йиғим-теримига мактаб ўқувчиларининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ташаббуси билан сафарбар этиш ҳоллари кузатилган. Хусусан, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида кўзга ташланган бундай ҳолатлар оммавийлик касб этмаган. Бу эса ўтган йиллардаги вазиятга нисбатан бирмунча ижобийдир.

Аммо ҳукумат болалар меҳнати экспулатацияси ортидан келган бўшиқни катталар ҳисобига тўлдиришга мажбур бўлди, дейди ҳуқуқ ҳимоячилари. Ана шу мажбурий меҳнат натижасида бир неча ўнлаб инсоний қурбонлар берилган. Жумладан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоллари бир муддат аввалги чиқишларида “Пахта-2014” кампаниясининг 19 нафар қурбони ҳақидаги маълумотларни жамоатчиликка етказган. Жамият раҳбари Васила Иноятовага кўра, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат шаклларининг тугатилиши борасидаги вазият ҳамон ташвишланарли даражада қолмоқда.

Жаҳон Банки мулозимларининг мамлакатдаги маҳаллий кенгашлар ва Парламентга сайлов жараёнлари ҳақидаги саволига ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов: “Сайловда муаммо йўқ. Ҳаммаси жойида, қонунбузарлик ҳақида бирор маълумот йўқ. Марказий сайлов комиссияси ҳам, кузатувчилар ҳам, сиёсий партиялар вакиллари ҳам хурсанд. Назаримизда, сайлов сўнгига қадар ҳам қонун бузилмайди, ҳаммаси жойида бўлади. Боиси сайловларда бирорта мухолиф қарашдаги депутат ёки гуруҳлар йўқ. Ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, пухта сценарий асосида сайлов кампанияси байроғини кўтариб боришмоқда” деб жавоб берди.

Жаҳон Банки мулозимларининг таъкидича, улар юртимизга ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Азиз Абдуҳакимов сингари расмий шахслар, ҳукумат тизимидаги инсон ҳуқуқлари мулозимлари ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувлар ўтказган. Умумлаштирувчи фикрларга кўра, мазкур соҳада позитив қадамлар мавжуд, аммо муаммолар ҳамон етарли бўлиб қолмоқда.

Расмда – чапдан ва ўнгдан биринчилар – Жаҳон Банки вакиллари, ўнгдан иккинчи Васила Иноятова, ўнгдан учаинчи Абдураҳмон Ташанов, чапдан иккинчи таржимон бўлса керак.