03 December 2014
02:09 - Олий Рада Украина ҳукуматининг янги таркибини тасдиқлади
Кеча маҳаллий вақт билан 20 (Тошкентда 23) атрофида Украинанинг парламенти – Олий Рада ҳукуматнинг янги таркибини тасдиқлади. Олий Раданинг 450 аъзосидан 339 нафари қатнашган мажлисда ҳукуматнинг бу таркиби учун 288 депутат овоз берди. 1депутат қарши,30 депутат бетараф, 20 депутат овоз бермади. Олий Рададаги кўпчилик коалицияси 302 овозга эгалиги ва у анчагина мўрт эканлигини ҳисобга олсак, янги ҳукумат учун шунча овоз берилиши катта ғалабадир. Янги ҳукуматда Бош вазирдан ташқари 3 Бош вазир ўринбосари ва 16 вазир бор.

Янги ҳукумат таркибидаги 3 вазир АҚШлик, грузиялик ва литвалик. Бир кун аввал Президент Петр Порошенко уларга Украина фуқаролигини берди. Грузия ва Литва қонунларига кўра чет эл фуқаролигини олган одам автоматик равишда аввалги фуқаролигини йўқотади. Аммо, АҚШда бундай эмас.

АҚШлик, аммо сўнгги 10 йилдан бери Украинада яшаб келаётган Наталья Яресько Молия вазири, гуржи Александр Квиташвили Соғлиқни сақлаш вазири, литвалик Айварас Абромавичус Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири бўлди (улар расмда).

Мудофаа, Ташқи ишлар ва Ички ишлар вазирлари ўзгармади. Бу ҳам барқарорлик белгисидир.