
Бугун Тошкентдаги муҳташам Бизнес марказида ўзбек-америка сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раунди, бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Америка ҳукумат делегациялари вакиллари иштирок этди. АҚШ делегациясига Давлат Котибининг ёрдамчиси Ниша Десаи Бисвал раҳбарлик қилди. Шунингдек, мазкур сиёсий маслаҳатлашувларга илк марта мамлакатдаги кам сонли фуқаролик жамияти вакиллари ҳам таклиф қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмита раиси, собиқ Ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев раислик қилган анжуманда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси, “Бирлик” Партияси Бош котиби Васила Иноят қатнашгани ва унга сўз берилгани Ўзбекистондек давлат учун сенсация деса бўладиган воқеа.
Васила Иноят ўз чиқишида ўзбек-америка муносабатлари, ундаги сиёсий аҳдлашувларнинг амалий жиҳатига тўхталиб, алоқаларнинг изчил давом этаётганига қарамай инсон ҳуқуқлари вазияти мамлакатда оғирлигича қолаётганини таъкидлади. Хусусан, фуқаролик жамияти вакилларини таъқиб этиш, пенициар муассасаларда уларга нисбатан айрича муносабат ва ҳуқуқ фаолларининг мурувватлардан бебаҳра эканига урғу берди. Ҳуқуқ ҳимоячининг таъкидича, мамлакатлар ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар олқишга сазовор, аммо уларнинг самараси ва амалий натижаларига кўпроқ этибор қаратиш лозим.
Васила Иноятнинг таъкдлашича, у ўзи раҳбарлик қилаётган жамияти фаоллари билан биргаликда шу йил бошида қамоқхоналарда бўлиб, фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашган ва уларга АҚШ сенаторларининг уларни озод қилиш масаласида Президент Ислом Каримга йўллаган мактубини топширган. Айнан бугунги сиёсий маслаҳатлашувлар чоғида Васила Иноят Ўзбекистон ИИВ ЖИЭББ маъмурларини нишонга олиб, уларга ўзи билан бирга олиб келган хатни топширди. “Эзгулик” томонидан йўлланган мактубда фуқаролик жамияти вакиллари масаласи кўтарилган.
Шунингдек, анжуманда бухоролик инсон ҳуқуқлари фаоли Шуҳрат Ғаниев коррупция муаммоларини атрофлича таҳлил этишга уринган, фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдусалом Эргашев фуқаролик жамияти вакиллари эркинлиги ва ахборот тарқатишнинг объектив томонлари айнан маҳбусларнинг адвокатлар билан эркин мулоқати натижаси эканлигини урғулади.
Мухбиримизнинг таъкидича, бугун 18:30 да Бисвал хоним раҳбарлик қилган делегация АҚШ элчихонсида фуқаролик жамияти вакиллари, айрим фуқаролик жамияти вакилларининг рафиқалари билан алоҳида учрашув ўтказган. Хусусан, Васила Иноят учрашувда ўз ҳамкасблари Елена Урлаева, Абдусалом Эргашев, Шуҳрат Ғаниев, Ҳайитбой Ёқубовдан ташқари Олий Кенгашнинг собиқ депутати Мурод Жўраевнинг рафиқаси Холбика Жўраева, Аъзам Фармоновнинг аёли Озода, Аъзам Турғуновнинг ўғли Бекзод Турғунов ҳамда Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг собиқ бошқарма бошлиғи Эркин Мусаевнинг рафиқаси иштирок этганини таъкидлади.
Маълум бўлишича, америкалик делегация вакиллари икки соатлик учрашув жараёнида уларнинг ҳар бири билан алоҳида гаплашган, маҳкумлар тақдири билан қизиққан. Ҳуқуқ ҳимоячилари билан маҳкумларга муносабат, шарт-шароитлар ва уларни озод қилиш механизми хусусида кенгашган. Бу ерда ҳам доимгидек ташаббусни қўлга олган Васила Иноят ўзининг кескин танқдий чиқишлари билан кўзга ташланган.
Минг афсуски, учрашувларга оид расмлар ҳали бизга етиб келмади. Келиши билан сайтда эълон қиламиз.
Бу учрашувларга алоқаси бўлмаган расмда Ниша Бисвал хоним ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жорж Кролни кўрмоқдасиз.