30 November 2014
09:56 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Эркин Воҳиднинг “Дангасалар” шеъри

ДАНГАСАЛАР


Ғайратлилар елиб-югуриб,
Меҳнат билан мудом овора.
Дангасалар эса ўй суриб,
Ётиш учун излашар чора.

Ишчан азал тинмай ер чопган,
Ўғир туйган, совурган сомон.
Ялқов ўйлаб чархпалак топган,
Ижод қилган шамол тегирмон.

Парвоз этсам юксак самода.
Замонавий лайнерда букун,
Раҳмат дейман ёруғ дунёда
Дангасалар борлиги учун.

Йўқса юрар эдик ҳойнаҳой
Ҳануз яёв чангитиб тупроқ.
Хўб юртим бор, хаёлкашга бой,
Ишчанидан ўйчани кўпроқ.

Рост айтсам, бу - менинг ҳам дардим,
Холимасман бу касалликдан.
Ғайрат қилсам бир касб топардим,
Шоир бўлдим дангасаликдан.

Ётоқчилар ҳолини тушун,
Эй дўст, бунга чидаган чидар.
Шахталарда узала тушиб
Ётиб ишлар қора кончилар...

Бизнинг меҳнат шундоқ,
Нима бор –
Дабдаба-ю асъасаларга.
Сизлар тинманг, ишланг фидокор,
Халал берманг дангасаларга.

Эркин Вохид

Таҳририятдан: Президент Ислом Карим 2013 йилнинг 19 июнида Жиззах вилоятига қилган сафари чоғида Россияда тирикчилик қилиб, Ватанига пул жўнатаётган юртдошларимизни “дангасалар” деб атаганди. Собиқ “Бирлик”чи шоир Эркин Воҳиднинг ўқувчиларимизга ҳавола этилаётган шеърини Ислом Каримнинг ана шу иддаосига жавоб ўлароқ қабул қилдик.

Айни замонда, шуни ҳам айтишни истардикки, мустақилликдан кейинги йилларда Ислом Каримга қуллуқ қилиб яшаб келган Эркин Воҳид ҳозир унга қарши бир нарсалар ёзишга журъат қиладиган ҳолга келган бўлса, авваламбор Қирғизистонда қирғиз фашизми босими остида қолган ўзбекларнинг ҳимоясига ҳам бир нарсалар ёзиши керак. Тўғрироғи, ёзиши шарт. Акс ҳолда, унинг пешонасига “Ҳаракат” тарафидан босилган ва энди ўчириб бўлмайдиган тамғалар туфайли ахир бир кун миллат сифатига қовушадиган ўзбеклардан оладиган зарбаларининг оқибати ёмон бўлади. У кишини "Ўзбегим" шеъри ҳам қутқаролмайди. Чунки, иккиюзламачилик энг катта айбдир.