23 November 2014
09:25 - “Ҳаракат” яна ҳақ чиқди: Обаманинг атайлаб матбуотга сиздирилган Афғонистонга доир махфий фармони
АҚШнинг энг машҳур газеталаридан бири The New York Times бир неча ҳафта олдин Барака Обама Афғонистонга доир махфий фармон имзолганини билдирди. Фармонга кўра, АҚШ қуролли кучларининг Афғонистонда сони орттирилади ва улар тўғридан-тўғри жангларда иштирок этадилар. Бундан ташқари, бу ҳужжат АҚШ ҳарбий кучларининг Афғонистонда қолиш муддатини яна бир йилга чўзади, АҚШнинг ҳарбий учоқларига Толибон ва бошқа террорист гуруҳларга қарши урушаётган афғон армиясини ҳаводан қўллаб-қувватлаш имкони беради.

21 ноябрда эълон қилинган каттагина мақолада, АҚШнинг аввалги режалари, 2015 йилдан кейин ҳам Афғонистонда қолиши кўзда тутилаётган 4 минг кишилик қуролли қўшинлар фақатгина афғонларни ўқитиш билан шуғулланиши кераклиги ҳақидаги фактларни эслатиб туриб, Барак Обама Афғонистон сиёсатида кескин ўзгариш қилаётганини урғулайди.

Барака Обаманинг махфий фармони қандай қилиб газетага келиб қолгани айтилмайди.

Эслатиб ўтиш керакки, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат “Озодлик” радиосининг русча хизматига берган 10 йил аввалги интервьюсида (бу интервьюнинг тўла матни “Ҳаракат” журналида эълон қилинган) АҚШ энди ҳеч қачон Марказий Осиёдан чиқиб кетмаслигини айтганди. “Ҳаракат” Агентлиги мухбирлари эса, АҚШ қўшинлари 2015 йилгача Афғонистонда чиқиб кетса, Марказий Осиёда терроризм хавфи кучайиши ҳаидаги гапларга жавобан, “АҚШ кучлари Афғонистондан чиқиб кетмайди, сўнгги дақиқада бўлса ҳам ҳозирги қарорлар ўзгаради” деб такрорлардилар. Мана, айнан биз айтгандек бўлди, “Ҳақиқий хабар “Ҳаракат”да ўқилар шиоримиз яна бир марта исботини топди.