22 November 2014
01:02 - Ҳақиқий хабар “Ҳаракат”да ўқилар: МДҲ Бош вазирлари йиғинида Ўзбекистондан Рустам Азимов қатнашди
Аввалги хабарларимизда МДҲ ҳукуматлари раҳбарларининг Ашхабодда йиллик анжумани бошлангани, бу йиғинда Ўзбекистондан Бош вазир эмас, балки унинг биринчи ўринбосари Рустам Азимовнинг иштироки хусусида ўз манбаларимизга таяниб хабар қилгандик. Ҳамма нарса айнан биз айтгандек бўлибди.

Бош вазир Шавкат Мирзиё гўёки пахта пайкалларини шудгорлаш билан машуғул бўлгани туфайли Ашхабоддаги йиғинда унинг ўринбосари Рустам Азимов иштирок этган. Буни тасдиқловчи хабарлар Ўзбекистондан эмас, Туркманисондан келди.

“Туркманистон: олтин аср” нашри Туркманистон президенти Қурбангули Бердимуҳамедов Ашхабодга келган Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимовни қабул қилгани ва суҳбатлашгани хусусида хабар тарқатди. Учрашувда узоқ муддатли туркман-ўзбек шериклик алоқаларини янада ривожлантириш истиқболларига тегишли масалалар бўйича фикр алмашилган. Ашхабоддаги учрашув қатнашчиларининг расми ҳам бу нашрнинг сайтида бор.

Албатта, Ислом Карим МДҲ ҳукуматлари раҳбарларининг йиғилишига иккинчи даражали шахсни юбориб, тадбирнинг обрўйини туширишга ҳаракат қилаётгани йўқ. Мақсад - Шавкат Мирзиёнинг борлигини ҳам иложи борича кўрсатмаслик.