15 November 2014
01:18 - АҚШда иқтисоди юксалмоқда, Россияда ишлар дабдала, Путин эса, Абдураҳим Пўлат айтганидек, белига ядровий қурол боғланган тирик бомба-аёл ҳолига тушмоқда

АҚШ иқтисодининг кўрсатгичларидан бирига айланган Нью-Йорв фондлар биржасининг асосий кўрсатгичи Dow Jones индекси кетма-кет тарихий рекордларни ураётгани хабарларимиздан маълум. АҚШ иқтисоди юксалаётганини кўрсатувчи бошқа рақамлар ҳам бор.

Масалан, ишсизлик даражаси сентябрда бироз ортган бўлса ҳам, молиявий-иқтисодий кризис бошланишидан аввалги йилларнинг даражасидан ҳам пастда, сўнгги 14 йилнинг минимумида. Бундан ҳам қизиғи, бугун Reuters яна бир қатор рақамлар эълон қлди. Маълум бўлишича, сентябрь ойида ўз ихтиёри билан ишдан бўшаётганларнинг сони кескин ошиб, 2,8 миллионга чиқибди. Бу нарса иқтисод ўсаётганининг, меҳнат бозори фаоллашаётганининг кўрсатгичидир. Одамлар янги иш топиш муаммосидан қўрқмасдан ишдан кетаяптиларми, демак, иш топиш имкони кўпайган.

Россияда ҳамма нарса тескари йўналишда кетмоқда. Инфляция даражаси мисли кўрилмаган даражага чиқди, бугун 1 доллар 49 рублагача чиққани хабар қилинди. Россиянинг бюджети учун жуда муҳим бўлган нарса нефть сотишдан олинаётган даромаддир. Бир баррель нефтнинг нархи бугун 77 долларгача тушди, ваҳолангки, Ғарб санкцияларидан аввал 110 доллар атрофида эди.

Булар бошланиши дейишмоқда экспертлар. Санкциялар тўхтатилмаса, Россиянинг ва Путиннинг иши чатоқ. Агар Россия Украина шарқидаги ишларга аралашаверса, ЕИ санкцияларни орттирмоқчи. Демак, Путин чекинишга мажбур бўлади.

Аксинча, Путин сиёсий ўлимдан қутилиш учун ўзи бошлаган авантюрани охиригача олиб боради деганлар ҳам кўп.

Шундай ҳам бўлиши мумкин. “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат Гуржистон-Россия урушидан кейин ёзган “Кенигсберг-Курил муаммолари ва Россия- Гуржистон уруши” номли мақоласида шундай дейди: “Ҳозирги Россияни Ўрта Шарқ мамлакатларида модага кирган тирик бомба-аёллар билан солиштириш мумкин. У бомба-аёлларнинг белида бир неча граната ёки бомбача боғланган, Россиянинг белида эскириб қолган бўлса ҳам дунёни йўқ қилоладиган атом ва ядровий бомбалар бор. Демак, Россияни куч билан енгиб бўлмайди. Аммо, Россия СССР деб аталган замонида ҳам шундай кучга соҳиб эди ва тинч йўллар билан парчаланди.”

Ҳеч шубҳа йўқки, ҳозир ҳам шундай бўлади, Россия Федерацияси парчаланади. Путинни белидаги ядровий бомбалар ҳам қутқаролмайди. Чунки, уларни портлатишига имконият берилмайди. Бечора Путиннинг аҳволи расмда кўрсатилгандек.