09 November 2014
13:05 - Имомали Раҳмон Пекинда Хитой Бош вазири Ли Кэцян билан учрашди
Аввалиги хабаримизда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон бир қатор Осиё давлатлари президентлари билан Хитой раҳбари Си Цзинпиннинг қабулида бўлгани, бу учрашув пайтида Хитой Ипак Йўли лойиҳасига $40 миллиард пул ажратиши билдирилган эди.

Тожикистон ахборот воситаларининг хабарига кўра, Хитойга иш ташрифи билан келган Имомали Раҳмон 7 ноябрь куни Хитой президенти Си Цзинпин билан алоҳида учрашган (расмда). Кейин у Хитой Эксимбанки раиси билан ҳам кўришибди, 8 ноябрда эса, Хитой Бош вазири Ли Кэцян тарафидан қабул қилинибди.

Хитой раҳбари билан учрашувда Хитой-Тожикистон-Афғонистон- Форс кўрфази темир йўли қуриш масаласи гаплашилгани хабарларда алоҳида урғуланади. Шу кунларда Хитой ва Тожикистон ҳамкорлиги бўйича бир қатор ҳужжатлар ҳам имзоланган.

Маълумки, Пекинда Осиё-Тинч Океани Иқтисодий Ҳамкорлиги ташкилотининг йиллик саммитларининг навбатдагиси ўтмоқда. Унинг асосий қисми бугун-эртага бўлади. Бу саммитда дунёнинг 3 та супер давлати – АҚШ, Хитой ва Россия президентлари иштирок этиши, уни ҳар доимгидек ўта муҳим воқеага айлантиради. Саммит доирасида бу ташкилотга аъзо бўлган 21 давлатнинг раҳбарлари ўзаро учрашувлар ўтказишади. Тожикистон Президентининг айнан шу саммит вақтида Пекинга келгани тасодифми ёки аввалдан ўйлаб қилинган ташрифми?

Ҳар ҳолда тасодиф бўлмаса керак. Имомали Раҳмон Осиё-Тинч Океани давлатларининг баъзи раҳбарлари билан учрашувлар ҳам режалаштирмадимикан? Ислом Карим каби яккамохов бўлиб ўтиргандан кўра, қисқа бўлса ҳам бундай учрашувлар ўтказиш фойдалироқ бўлиши шубҳасиздир.