05 November 2014
07:45 - “Ҳақиқий хабар “Ҳаракат”да ўқилар: Гуржистондаги воқеаларнинг ривожланиши “Ҳаракат” башорат қилган йўналишда бўлмоқда
2012 йил 1 октябрда Гуржистонда ўтказилган парламент сайловларида ғалаба қозонган “Гуржилар Орзуси” коалициясининг раҳбари Бидзина Иванишвили Россияда 6 миллиард долларлик бойлиги бўлган бизнесмен эканлигини ҳамма биларди. Аммо, у Россия президенти Владимир Путиннинг одами эканлигини, у айнан Путиннинг топшириғи билан гуржиларни сотиб олиш ва гуржиларнинг ҳақиқий лидери бўлган Михаил Саакашвилини ағдариш ниятида Гуржистонга келганини фақат “Ҳаракат” Агентлиги очиқча ёзган эди.

Айнан шундай бўлди. Бойлиги Гуржистоннинг бюджетидан кўп бўлган Бидзина Иванишвили Гуржистоннинг президентлик ва бош вазирлик курсиларига ўз қўғирчоқлари ўтқазиб, ўзи гўёки сиёсатдан кетди, аммо, аслида мамлакатни зимдан бошқармоқда. У Саакашвили замонидаги бир қатор вазир ва бошқа сиёсатчиларни қамоққа ташлатди, 2008 йилдаги Россия-Гуржистон уруши Саакашвилининг айби билан бўлди, деган фикрни оммага сингдирди. Қамалиш навбати ўзига ҳам келишини вақтида тушунган Саакашвили мамлактни тарк этиб, ҳозир АҚШда яшамоқда.

“Ҳаракат” тез орада гуржиларнинг ақли кириб, Иванишвилининг “Гуржилар Орзуси” коалицияси ичида нифоқлар чиқиши ва у парчаланишини ҳам башорат қилган эди. Аввалги хабарларимизда айтилганидек, шу йили май ойи бошида АҚШнинг Миллий Демократик Институти ўтказган сўровнома натижаларига кўра, Гуржистоннинг давлат идораларига бўлган ишонч даражаси жиддий ўлчовда тушиб кетгани маълум бўлди. Масалан, президент Георгий Маргвелашвилининг рейтинги 1,5-2 йилча ичида 72% дан 26% га тушибди.

Қизиғи шундаки, сўровнома натижаларига кўра, ҳозирги ҳокимият вакилларидан энг юқори рейтингга эга бўлгани – Мудофаа вазири Ираклий Аласания экан. Сабаб сифатида, у махсус текширтириш ўтказиб, уруш Россиянинг айби билан бошланганинини исботлаблагани кўрсатилди.

Бу хусусда “Ҳаракат” Агентлиги шу йил 10 майда шундай фикр билдирган эди: “Шу билан Путиннинг “Бидзина Иванишвили” операцияси шармандаларча битди деявериш мумкин.”

Ираклий Аласаниянинг обрўси ҳам Гуржистоннинг ўзида, ҳам Ғарбда ортиб кетаётганидан хавотирга тушган Иванишвили мамлакатнинг Бош прокуратураси тарафидан Мудофаа вазирлигининг бирқатор юқори даражали ходимларига қарши давлат мулкини талон-тарож қилиш айби билан жиноий ишлар очдирди. Ираклий Аласания ўз ходимлари тарафдори бўлиб, Бош прокуратура бошлаган операциянинг мақсади Гуржистоннинг Ғарбга яқинлашишида асосий рол ўйнаётган Мудофаа вазирлигига зарба бериш, душманимиз Россиянинг манфаатлари учун хизмат қилиш деб баёнотлар бергач, кеча уни ишдан бўшатдилар.

Унинг раҳбарлигидаги “Озод Гуржистон” партиясидан ҳозирги ҳукуматда 4 вазир бор эди. Улардан бири – Европа ва Евроатлантика интеграцияси бўйича вазир Алекси Петриашвили дарҳол истеъфога ўзи чиққанини эълон қилди. Яна икки вазир – Адлия вазири Тея Цулукиани ва Ташқи ишлар вазири Майя Панджикидзе ҳам шундай қилиши кутилмоқда.

“Озод Гуржистон” партиясидан сайланган 10 депутат парламентдаги “Гуржилар Орзуси” фракциясидан чиқса, бу фракция “кўпчилик” мақомини ҳам йўқотади.

Саакашвилига яқинлиги билан билинган Грузия-Online агентлигининг хабарида айтилишича, Грузияда бошланган бу сиёсий жанжал дарҳол Еврпарламентнинг Ташқи алоқалар комитетида муҳокама қилинган, Европа Халқ Партияси Гуржистондаги ҳокимиятдан ўз оппонентларини сиёсий таъқиб қилишни тўхтатишни сўрабди.

Бутун Ғарбнинг бу масалага ёндошиши айнан шундай бўлади, дейди мухиримиз. Бидзина Иванишвили шарманда бўладиган кунлар яқинлашмоқда.

Бу гуржиларнинг ички иши. Аммо, ўзбеклар учун муҳим бўлгани, феълан “Бирлик” Партиясининг рупори бўлган “Ҳаракат” Агентлиги тарафидан берилган башоратлар ҳар доимгидек тўғри бўлиб чиқаётганидир. Шундай экан, Ўзбекнинг келажагини ўйлайдиганлар турли масхарабозларнинг сайтларини эмас, “Ҳаракат”ни ўқишлари керак. Акс ҳолда, миллат сифатини йўқотиб, мутлақо кўпчилиги қорамоллар подасига айланган ўзбекларни қайтадан миллат қилиш осон бўлмайди.

Тўғри, “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат қайта-қайта такрорлаётганидек, Ўзбекни умуман қайтадан миллат қилиб бўлмайди, бироқ “Бирлик” Партияси қилиб бўлмайдиган ишларни ҳам қилишга қодир эканлигини ва тарихдаги мисоллар буни исботлаб бўлганини унутмайлик.