16 October 2014
01:12 - Ўзбекистонга БМТ Тараққиёт Дастури бошқарувчиси келди
Кеча БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) бошқарувчиси Ҳелен Кларк Ўзбекистонга келди. БМТнинг юртимиздаги ваколатхонсига кўра, Ҳелен Кларк хоним ҳукумат, вазирлик ва идораларда учрашув ва музокаралар ўтказади. Президент Ислом Карим томонидан ҳам қабул қилинади. Шунингдек, мамлакатимизнинг қатор ҳудудларига сафар қилади. У 18-19 октябрь кунлари Қорақалпоғистонда бўлиб, Орол денгизи атрофидаги аҳвол билан танишади.

Ҳелен Кларк Нукусдаги Савицкий номли санъат музейини, кейин Хивага ўтиб, у ердаги тарихий ёдгорликларни кўрмоқчи.

Эслатиб ўтиш керакки, 1999-2008 йиллари Янги Зелландия Лейбористлар партиясининг лидери ва бу мамлакатнинг Бош вазири бўлиб ишлаган 64 яшар бу хоним 2013 йили Forbes журналининг “дунёнинг энг машҳур 100 аёли” рўйхатига киритилганди. Яъни, у тажрибали сиёсатчидир.

Қизиқ, бу аёлни Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари оммавий топталиши, болалар меҳнати эксплуатация қилиниши каби фактлар ҳам қизиқтирармикан? Ёки, унга кўра, бу масалаларнинг тараққиётга алоқаси йўқми?