12 October 2014
00:46 - Расмий Киев билан Донецк ва Луганскдаги сепаратист-террористлар ўз назоратлари остидаги ҳудудлар масаласида келишмоқдалар

Украинадаги воқеалар бўйича тарқатилаётган хабарларларга дарҳол ишониш қийин. Ҳар тараф ўзи истаган хабарни тарқатади, қарши тарафнинг хабарини эса, ёлғон деб эълон қилади.

Аммо, расмий Киев билан Донецк ва Луганскдаги сепаратист-террористлар ўз назоратлари остидаги ҳудудлар масаласида келишишга бошлашгани шубҳасиз кўринмоқда. Энг камида, Киев билан Донецк Халқ Республикаси ўртасидаги чегара белгилаб олинганини икки тараф ҳам тасдиқлади. Келишув Украина, Россия ва ЕХҲТ расмийлари иштирокида амалга оширилган.

Аммо, бундай келишувларни икки тараф ўз нуқтаи назаридан таҳлил қилаётгани ҳам ҳақиқатдир. Киев бу иккала вилоят Украинада таркибида қолиши, лекин уларга Конституцияга киритиладиган ўзгаришлар доирасида етарлича мустақиллик берилишини назарда тутмоқда. Сепаратислар эса, охир-оқибатда Украинадан мустақил бўлишларига ишонишади.

Ҳозирги келишувлар - 26 октябрда Киев назорати остидаги ҳудудларда, яъни Луганск ва Донецкнинг сепаратстлар назорати остидаги қисмидан ташқари бутун Украинада бўладиган парламент сайловлари ва сепаратистлар назорати остидаги ҳудудларда 2 ноябрда бўладиган давлат раҳбари сайловлари олдидан қилинаётган тактик қадамлардан бошқа нарса эмас. Бу ердаги конфликт бир тинчиб, бир оловланиб, яна узоқ вақт давом этади.

Агар бу масалада Ғарб орқага чекинмаса, ҳозирча чекинадиганга ўхшамайди, ғалаба Украина тарафида бўлади. Технологик жиҳатдан орқада қолиб кетган Россия энди Ғарб билан беллашолмайди.