09 October 2014
07:14 -
Туркия ИШИД билан урушга кирмасиданоқ, ўз ичида уруш каби воқeалар бошланди

Туркия АҚШ бошчилигидаги коалицияда урушга киришини парламент қарори билан тасдиқлаб олган бўлса ҳам, урушга киришга шошилаётгани йўқ.
Бу минтақада бўлаётган чалкаш воқеаларнинг яна бир тарафи шундан иборатки, Ироқнинг шимолида бўлгани каби, Суриянинг шимолида, яъни Туркия билан чегарадош жойларда курдлар кўп яшайди. Кобанининг катта қисми узоқ йиллардан бери мустақил давлат яратиш йўлида ҳаракат қилаётган қуролли курд гуруҳларининг қўлида. ИШИД Кобанини қўлга олиши – Ғарб тарафиданБашар Асадга қарши қўллаб-қўвватланаётган қуролли курдларни у ердан сиқиб чиқаришдир. ИШИД ҳам курдларнинг мустақил давлат яратиш мақсадларига қаршидир.
Энг қизиғи, турклар ҳам бунга қарши. Туркия шу сабабли урушга киришга шошилмаётган бўлса керак. Айнан шунинг учун бўлса керак, Туркия курдлари Туркия ҳукуматидан Кобанида ИШИДга қарши урушга кириш талаби билан намойишлар ўтказишга бошладилар. Намойишлар курдлар кўп яшайдиган Туркиянинг шарқий-жанубидаги Диёрбақир ва бошқа вилоятларда бўлмоқда.
Намойишчилар билан Туркия ҳарбийлари ва полицияси ўртасида чиққан қарама-қаршиликлар қонли воқеаларга айланди (масалан, расмдагидек). Кеча кечқурун бу воқелаларда ўнлаб курдлар ҳалок бўлди. Диёрбақир ва атрофидаги вилоятларда фавқулодда ҳолат киритилди. Туркия расмийлари ҳалок бўлганлар – курдларнинг сўлчи ва ҳизбуллоҳчи гуруҳлари орасида чиққан жанжал қурбонлари эканлигини айтишмоқда.
Туркия ҳарбийлари ва полиция ичида талaфот йўқ. Аммо, бугун-эрта нима бўлишини билиш қийин.
Хуллас, Туркия ИШИД билан урушга кирмасиданоқ, ўз ичида қонли воқеаларга дуч келди. ИШИД эртами-кеч йўқ қилинади, аммо курдлар муаамоси янада оловланади. Яқин Шарқ яқин орада тинчимайди.