08 October 2014
08:15 - “Газпром” ширкати Ўзбекистон ва Туркманистондан газ сотиб олишни тўхтатиши мумкинми?
Россиянинг “Газпром” ширкати Ўзбекистон ва Туркманистондан табиий газ сотиб олишни тўхтатиши мумкин. Бу ҳақда ширкат департаментларидан бирининг раҳбари Черепанов “Интерфакс”га маълум қилди. Унга кўра, яқин орада ширкат Марказий Осиё газини сотиб олишни бутунлай тўхтатиши мумкин ва бу борада янги ҳукуматлараро аҳдлашувлар расмийлаштирилиши лозим бўлади.

Мулозимнинг баён этишича, бунга Ўзбекистон ва Туркманистон ҳукуматларининг Хитойга газ етказиб бериши билан боғлиқ ҳаракатлари сабаб бўлиши мумкин. Маълумки, Хитойга газ етказиб бериш бўйича қурилаётган газ қувурининг сўнгги тўртинчи босқичи қурилиши ниҳоясига етказилмоқда.

Черепановнинг баёноти орқасида қандайдир бошқа мақсад бўлса керак. Чунки, Россия Ўзбекистон ва Туркманистондан табиий газ сотиб олишни тўхтатса, бу икки мамлакат ортиқча газини Каспий остидан Озорбайжонга ўтказиб, у ердан Европага сотиш ҳаракатига тушиши табиий. Аслида, бу бизга фойда бўларди. Аммо, Россия Европа билан газ масаласида ҳаёт-мамот жанги олиб боратуриб, бу вариантни ҳисобга олмаётган бўлиши мумкин эмас.