01 October 2014
09:34 - Масхарабоз Обид Асом масхарабозларнинг “Миллион” гуруҳига қарши эмиш

15 сентябрдаги хабарларимиздан бирида “Ўзбекнаво” гастрол концерт бирлашмаси қизиқчиларнинг “Миллион” жамоасининг лицензиясини бекор қилганини билдирган эдик. Энди маълум бўлишича, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, қизиқчи ҳисобланадиган бошқа масхарабоз Обид Асом “Ўзбекнаво”нинг бу қарорини қўллаб-қувватлабди ва шундай фикр билдирибди: “Уларнинг чиқишларини биринчи марта кўрганда, ҳайрон қолдим, бундай нарсаларни саҳнада қандай гапириш мумкин. Улар одоб доирасидан чиқиб кетишган. Мен “Ўзбекнаво” чиқарган қарорни тўғри деб ҳисоблайман. Чунки, бу тарбия масаласидир”.

“Миллион” гуруҳининг раҳбари Даврон Қобуловга кўра эса, 3 соатлик программа билан йиллардан бери берилаётган тарбияни бузиб бўлмайди. “Бизнинг гуруҳимиз саҳнага тамоша кўрсатиш учун чиқади, мажлис ўтказиш учун эмас”, дебди у.

Аслида, дейди, “Ҳаракат” мухбири, “Миллион” жамоаси билан биргаликда Обид Асомнинг ҳам лицензиясини бекор қилиш керак. Интернетда у масхарабознинг Нью-Йоркда ўзбекларнинг тўйидаги чиқишларини кўриш мумкин. Унга ўзбекларнинг очиқча пул қистириши ёқмаётгани кўриниб турса ҳам, пулларни ғижимлаб чўнтагига суқаётгани кўргач, бу маданиятсиз ва тарбиясиз масхарабозга ҳеч қандай ҳурмат қолмайди. Агар у тарбияни ўйлаётган бўлса, авваламбор, очиқча эълон қилсин: “Пул қистириш каби жирканч одатни ташлайлик, азиз ўзбеклар!”