
19 асрнинг охирларидан Буюкбританиянинг колонияси бўлган Гонког 1997 йилда “Хитой Халқ Республикасининг махсус маъмурий ҳудуди” мақоми билан Хитойга қайтарилган эди. Гонконг Осиё ва жаҳоннинг молиявий марказларидан биридир.
Бу маъмурий ҳудуд 2047 йилгача мудофаа ва ташқи сиёсатдан ташқари ҳамма соҳада мустақил бўлиб қолади. Унинг раҳбари (Маъмуриятнинг бош вазири) ва маҳаллий парламент ролини ўйнайдиган Қонунчилик мажлиси халқ тарафидан анчагина мураккаб усул билан сайланади. 2017 йилда навбатдаги маҳаллий сайловлар бўлиши керак.
Бир ойча аввал Гонкогнинг жорийдаги раҳбари Люн Чунин сайловлардан қатнашадиган ҳамма номзодлар Пекин тарафидан тасдиқланиши кераклиги ҳақидаги талабга рози бўлибди. Шундан кейин Гонконгда демократия тарафдорларининг намойишлари бошланди. Уларнинг талаби - Люн Чунин истеъфога кетсин, сайловлар Пекиннинг аралашувсиз ўтсин.
Намойишчиларнинг сони кун сайин ортиб бориб, охирги жума куни 50 мингга чиқди. Аҳолиси 7 млн бўлган Гонконг учун бу катта рақамдир. Маҳаллий полиция намойишчиларни газ ва сув сепиб тарқатишга ҳаракат қилди, қилолмади ва ҳатто чекиншга мажбур бўлди. Эртага Хитой Халқ Республикаси тузилган кун нишонланади. Шу сабабли бугун кечаси бўлиши мумкин бўлган полиция ҳужумларидан сақланиш мақсадида, намойишчилар Гонконг маъмурияти биноси олдидаги майдонда баррикадалар қурмоқдалар. Пекин бу жараёнларга тўғридан-тўғри аралашмаса ҳам, номийишларни қонунсиз деб ҳисоблаб, Гонконг полициясини маънавий рағбатлантирмоқда.
Қуёшдан сақланиш учун намойишчиларнинг кўпчлиги соябон (зонтик) ушлаб тургани учун, бу воқеаларни “соябонлар инқилоби” ҳам дейишмоқда. Кеча воқеалар яна авжига чиқиши кутилаётган соатларда Нью-Йорк фондлар биржасида Dow Jones индекси 200 поғанага тушиб кетганидан тушуниш мумкинки, “соябонлар инқилоби” ҳақиқий инқилобга айланиб кетса ва жараёнларга тўғридан-тўғри Пекин аралашса, унинг натижалари бутун жаҳонга ҳам таъсир қилиши муқаррар.
Аммо, “соябонлар инқилоби” ҳақиқий инқилобга айланадими, деган саволга ҳозир жавоб бериш қийин.