
Мамлактимизда ўзини нодавлат ахборот агентлиги деб атайдиган ва асосан рус тилида иш юритадиган “Туркистон-Пресс” хабар воситаси бор. Уни яратган ва у ерда ишлаётган аҳмоқлар давлат ичида ҳеч нарса нодавлат бўлолмаслигини ҳам тушунишмайди. Аслида, улар ўзларини “ноҳукумат” сифатида кўрсатиб, ҳукуматдан мустақил эканликларини кўрсатишмоқчи бўлгандир. Амалда эса, “Туркистон-Пресс” - мавжуд режимнинг навбатдаги қўғирчоқ хабар воситасидир, холос. Унинг хабарларида Ўзбекистоннинг давлат сифатидаги, Ўзбекнинг миллат сифатидаги муаммолари ҳеч қачон тилга олинмайди, асосан мавжуд режим мадҳ этилади.
Бугун бу агентлик яна фақат рус тилида хабар тарқатиб, Давлат Статистика Комитети тарафидан “О населении языком цифр” номли китобча чиқарилганини билдирибди. Китоб қайси тилда эканлиги ҳам айтилмайди. Ўзбекчасига “Аҳоли ҳақида рақамлар тили билан” деб аталиши керак бўлган китобчадаги рақамлар ҳеч қандай таҳлилсиз берилади.
Мана шундай рақамлардан фақат биттаси. 2014 йилнинг бошида Ўзбекистонда ҳар 1000 эркакка 996 аёл тўғри келар экан.
Бу рақамларни ёлғон деб айтиш учун асосимиз йўқ, шунинг учун, “ёлғонсифат” сўзини ишлатмоқдамиз. Нимага?
Чунки, ҳозир ёш болалар ҳам биладики, бир неча миллион ўзбекистонлик, уларнинг асосий қисми эркаклар, чет элларда йиллаб мардикорлик қилмоқда. Улар Ўзбекистон аҳолиси рўйхатида бор, аммо, амалда улар Ўзбекистонда яшамайдилар.
Икки кун аввалги хабарларимиздан маълумки, Ўзбекистон Киши бошига Ялпи Миллий Даромад бўйича, АҚШдан 30 баравар орқада эканлигини қўйиб туринг, ҳатто қўшниларимиз Россия ва Қозоғистон каби мамлакатлардан ҳам 6-8 марта орқада. Демак, бизда ўртача ойлик ҳам улардан 6-8 баравар баравар кам. Бу фарқ ортиб бормоқда. Демак, миллионлаб эркакларимиз оила боқиш учун ўша мамлакатларда мардикорчилик қилишга маҳкумлар. Миллионлаб ўзбек аёллари эрлари билан бир тўшакда ётиш орзуси билан яшамоқдалар.
Демак, Давлат Статистика Комитетига асосланиб “Туркистон-Пресс” эълон қилган рақамлар ёлғон бўлмаса ҳам, ёлғонсифатдир. Қолаверса, Ўзбекистонда эълон қилинаётган рақамлар ва хабарларларнинг сал кам ҳаммаси ёлғонсифат эканлигини эсдан чиқармайлик.