30 September 2014
01:19 - Афғонистонда Ашраф Ғани Аҳмадзий расман президентлик курсисига ўтирди

Кеча эрталаб Қобулда инаугурация маросими ўтказилди ва ниҳоят пуштун аслли Ашраф Ғани Аҳмадзий Афғонистон президенти бўлди. Маросим ўтар-ўтмас, янги президент ўтган сайловларидаги рақиби - тожик аслли Абдулло Абдуллоҳни Бош вазир лавозимига тайинланди.

Ашраф Ғани Аҳмадзий ва Абдулло Абдуллоҳ миллий бирлик ҳокимиятида биргаликда ишлаш, қўполроқ қилиб айтсак, уни бўлиб олиш ҳақидаги шартномани 21 сентябрда имзолаганларини биз ҳам хабар қилган эдик.

Жаҳон ахборот агентликлари инаугурация маросимида АҚШ, Буюбритания, Франция ва Хитой вакиллари ҳамда Афғонистоннинг энди собиқ деса бўладиган президенти Ҳамид Карзай иштирок этганини алоҳида урғуладилар. Аммо, қўшни мамлакатлардан, хусусан, Ўзбекистондан биронта вакил келгани тилга олинмади. Тахмин қилиш мумкинки, Ўзбекистоннинг Қобулдаги элчиси инаугурация маросимида иштирок этган. Аммо, бу ерга Ўзбекистондан махсус вакил ҳам келиши шарт эди.

Балки, инидан чиқмай қолган Ислом Карим бу маросим ҳақида хабардор ҳам бўлмагандир.

Бугун Ашраф Ғани Аҳмадзий АҚШ билан бу мамлакат қўшинларини 2014 йилдан кейин ҳам Афғонистонда қолишини расмийлаштирувчи шартнома имзолаши кутилмоқда.

Нима бўлганда ҳам, Афғонистонда яқин орада барқарорлик бўлиши қийин. Бу нарса Ўзбекистоннинг ҳам тинчлигини бузади.