26 September 2014
17:00 -
Хабарга арзийдиган воқеа: Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар вазирлари учрашди

Маълумки, “Ҳаракат” агентлиги мухбирлари йиллардан бери энг катта туркий давлатлар - Туркия ва Ўзбекистоннинг алоқаларини тожик аслли Ислом Карим атайлаб бузиб келаётгани, унинг асосий мақсади туркий тилли мамлакатларнинг бирлашишига йўл қўймаслик эканлиги, Ислом Карим Турк Дунёсининг бош душмани эканлигини айтиб келардилар. Аммо, Ўзбекистон-Туркия муносабатлари илиқланишга бошлаганини ҳам тахминан бир йилча аввал биринчи бўлиб “Ҳаракат” Агентлиги тилга олди. Шу йил июль ойида Туркиянинг ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири Ўзбекистонга ташриф буюрди, аввал маҳаллий ҳамкасби Абдулазиз Комил, кейин Ислом Карим билан ҳам учрашди.
Кеча Абдулазиз Камил Туркиянинг янги ташқи ишлар вазири Мовлут Човушўғли билан Нью-Йоркда учрашгани Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг сайтида бугун хабар қилинди. Қисқа хабар умумий гаплардан иборат бўлиб, Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик Кенгашига доимий бўлмаган аъзолик учун курашаётган Туркияни қўллаб-қувватлаш ваъда берганигина алоҳида таъкидланади.
Дарвоқе, вазирликнинг сайтида Абдулазиз Камил бугун Испания ва Словакия ташқи ишлар вазирлари билан учрашгани ҳам хабар қилинган.