25 September 2014
22:21 - МТСнинг хўжайини Владимир Евтушенков уй қамоғида қолаверади, аммо МТС Ўзбекистонда 1 декабрдан иш бошламоқчи

Кечаги хабарларимизда ўй қамоғига солинган рус миллардери Владимир Евтушенковнинг адвокатлари уни 8 млн доллар гаров пули эвазига озод қилишни сўраганларини билдирган эдик. Ҳозир маълум бўлишича, суд уларнинг илтимосига қулоқ солмади, Владимир Евтушенков уй қамоғида қолаверадиган бўлди.

Айни пайтда, Владимир Евтушенковнинг асосий бойлиги бўлган “Система” Акционерлик Молиявий Корпорация таркибидаги МТСнинг Ўзбекистондаги бўлими “Ўздунробита” шу йил 1 декабрдан Ўзбекистонда иш бошлаши МТС сайтига асосланиб хабар қилинди.

Аввалги хабарларимиздан маълумки, устав капиталининг 50,01% МТСга, қолган 49,99% Ўзбекистоннинг Алоқа, информатизация ва тлекоммуникацион технологиялар давлат комитетига тегишли бўлган Universal Mobile Systems (UMS) номли янги мобиль телефон оператори яратилган. Бу йил 1 декабрдан бошлаб айнан шу ширкат Ўзбекистонда иш бошлайди. Унга “Ўздунробита”дан қолган ҳамма нарса қайтариб берилган.

МТС Ўзбекистондан ҳайдалгандан кейин, Ўзбекистонда мобиль телефон алоқасининг сифати кескин пасайган эди. Кўрамиз, энди нима бўлади.