09 September 2014
01:29 - SOS: СИРДАРЁДА ПАХТА ҲАШАРЧИЛАРИНИНГ ЗАҲАРЛАНИШ ХАВФИ БОР! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - №32, 08.09.2014)
2014 йилнинг 7 сентябрь куни Сирдарё вилояти Сайхунобод, Сирдарё туманлари пайкаллари терим олдидан АН-2 самолётлари орқали дефолиация қилинди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятовага кўра, 7 сентябрь куни Сирдарё вилоятининг Сайхунобод, Сирдрё туманидаги пахта пайкаллари дефолиация қилинди. Маълум бўлишича, бу пайкалларга эрта-индин терим учун ҳашарчилар жалб қилинади. Ҳуқуқ фаолининг хвотирига кўра, теримчалар заҳарли дефиолантдан зарар кўриши эҳтимоли катта.

Аммо маҳаллий маъмурлар мазкур дефиолантлар таркиби инсон учуч зарарсиз экани, унинг кимёвий ишловлар натижасида имконқадар зарарсизлантирганини иддао қилишмоқда. Пахта очилиши учун амалга оширилаётган мазкур тадбир “Ўзқишлоқхўжаликкимё” ширкати маҳаллий бўлимлари, туманлар қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари назоратида ишлаб чиқилган. Бутефос ва бошқа зарарли кимёвий моддалар орқали дефиолация қилиш амалиёти совет даврида қолиб кетган.

Маълумки, мамлакат бўйлаб эълон қилинган пахта теримига оммавий сафарбарлик чоғида асосан бюджет ташиклотлари ходимлари, хусусан, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт бирлашмалари ходимлари, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус вазирлиги, Республика касб-ҳунар таълими маркази тасарруфидаги ўқув юртлари талабалари, “Ўзбекэнерго”, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзбексавдо”, “Ўзбеккўмир”, “Ўздонмаҳсулот” сингари ширкатлар вакиллари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ходимлари ҳашарларга жалб этилган. Ҳуқуқ фаоли Васила Иноятга кўра, мазкур ҳолат мамлакат Конституцияси, меҳнат қонунчилиги ҳамда бу борадаги халқаро Конвенцияларга зиддир.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб, ўзбек ҳукумати билан “тил топишган” ва асл вазиятни хаспўшлашга уринаётган, шу хизмати эвазига мамлакатда ўз ваколтхонасини очишга уринаётган БМТнинг Халқаро Меҳнат Ташкилоти инспекторлари фаолиятини танқид остига олади. Тегишли манфаатдор ташкилотлар, халқаро тузилмалар эътиборини Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат ҳолатларига қаратади.