
10 августдаги президент сайловларида ғолиб чиққан Ражаб Эрдўғон биринчи юрт ташқарисига сафарини ҳеч ким тарафидан тан олинмаган Шимолий Қибрис Турк жумҳуриятига қилди, у ердан Озорбайжонга келди, кейин Бокудан Уэльсга учиб келиб, НАТО саммитида қатнашди. Шу ерда у АҚШ президенти Барак Обама билан учрашди. Турк ахборот воситалари бу учрашувни икки сиёсатчи ўртасида музларнинг эриши деб баҳоладилар. Чунки, Ғазо масаласида Исроилга қаттиқ қарши чиқаётган Ражаб Эрдўғон шу баҳонада Ғарб билан алоқаларини ҳам музлатишга бошлаган эди.
Аммо, Туркиянинг Ғарб, биринчи навбатда, АҚШ билан алоқалари қанчалик тез тузалиши, умуман тузалиб-тузалмаслигини ҳозир тахмин қилиш қийин.
Сайловлардан кейин Туркиядаги мухолифат партиялари ичида ҳам тинчлик йўқ. Чунки, улар сайловларни ютқаздилар. Табиий, бундай ҳолларда партия ичи мухолифати раҳбарликни қўлга олишга ҳаракат қилади.
Мухолифатнинг асосий кучи - Отатурк тарафидан яратилган сўлчи Жумҳурият Халқ Партиясидир (ЖХП). Бу партия Миллиётчи Ҳаракат Партияси билан тарихда биринчи марта умумий номзод кўрсатган бўлса ҳам ғалаба қозонолмади. Бу икки партиянинг ҳеч бирида аъзо бўлмаса-да, умумий номзод қилиб кўрсатилган Экмалиддин Инсонўғли 38,29% овоз олиб, 52,03% овоз олган Ражаб Эрдўғонга ютқазди.
Партия ичи мухолифатнинг ташаббуси билан ЖХП кеча навбатдан ташқари қурултой ўтказди. Раисликки икки номзод кўрсатилди – жорийдаги раис Кемал Қиличдорўғли ва унга қарши очиқча мухолифлик ҳаракати бошлаган Муҳаррам Инже. Қурултойда ўтказилган сайлов натижаларига кўра, 740 овоз олган Кемал Қиличдорўғли учинчи марта ЖХПга раис бўлди. Муҳаррам Инжега 416 киши овоз берди.
Кемал Қиличдорўғли сайловдан кейин саҳнага чиқиб, ўз олдига Муҳаррам Инжени ҳам чақирди ва улар биргаликда баёнот бердилар. Кемал Қиличдорўғли ҳаммага ташаккур билдириш билан бирга ўз рақибига ҳам тўла ҳурмат кўрсатди. Муҳаррам Инже ҳам орқада қолмади ва “Бир соат аввал рақибим бўлган Кемал Қиличдорўғлини ўз раисим деб биламан. Мамлакатни мавжуд тузумдан ва фашист диктатордан қутқармоқ учун қўлимдан келганини қиламан. Менга овоз берганларга миннатдорчилигимни билдираман” деди. У янги президент Ражаб Эрдўғонни бундай кескин сўзлар билан қоралаши ҳеч кимни ҳайрон қолдирмади.
Расмда – Кемал Қиличдорўғли ва Муҳаррам Инже (ўнгда).