12 August 2014
01:24 - Ироқда янги Бош вазир тайинланди, Олланд ва Эрдўғон қандай миллий бирлик ҳукумати ҳақида гапиришди?
Кеча Ироқнинг яқинда парламент тарафидан сайланган янги президенти, курд аслли Фуад Маъсум янги ҳукумат тузишни муддати тамом бўлган жорийдаги Бош вазир шиа Нурий ал-Маликийга эмас, шу пайтгача вице-спикер бўлган бошқа шиа Ҳайдар ал-Абадийга (расмда чапда) топширди. Буни аввалдан билган Нурий ал-Маликий учинчи марта Бош вазирликка даъвогар эканлигини айтиб, давлат тўнтариши қилиб юборишига ҳам оз қолди. Аммо, у бундай қилмади. Ҳайдар ал-Абадий ўта қилтис бир даврда янги ҳукумат тузишга тушди.

Ўтган куни Туркияда ўтказилган президентлик сайловларининг ҳали расман эълон қилинмаган ғолиби Ражаб Эрдўғонни табриклаш учун кеча унга Франция президенти Франсуа Олланд телефон қилганда, улар биргаликда Ироқда миллий бирлик ҳукумати тузишга чақиришибди.

Қизиқ, улар қандай миллий бирлик ҳукумати ҳақида гапиршмоқда? Ироқда феълан ҳокимиятда бўлган шиаларнинг ичида бирлик-баробарлик йўқлиги сабабли Бош вазир Нурий ал-Маликий ўз курсисини бошқа шиага зўрға топширди. Суннийлар эса, кўринишидан, Ғарб террористик деб айтаётган “Ироқ Левант Исломий Давлати” (ИЛИД) номли ташкилотни қўллаб-қувватлашмоқда. У тезлик билан Ироқда мустаҳкамланиб бораётганининг бошқа сабаби йўққа ўхшайди. Сунний курдларнинг мақсади ҳам аниқ – тезроқ Ироқдан мустақил бўлган давлат тузиб олиш.

Шундай шароитда қанақа миллий бирлик ҳукумати тузиш мумкин? Ҳеч қандай. Қолаверса, Саддам Ҳусайин режимини йўқ қилишдан мақсад – Ироқни шу ҳолга келтириш бўлган.

Ироқдаги муаммоларнинг ягона ечим йўли қонли урушга ўхшамоқда.