11 August 2014
22:13 - Ўзбекистон Россияга мева-сабзавот экспортини икки бараварга оширади, деҳқоннинг елкасига офтоб тегадими?
2015-16 йиллларда Ўзбекистон Россия Федерациясига мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини икки бараварга ошириши мумкин. Ҳозирги кунда қарийб чорак миллион тоннани ташкил этаётган мева-сабзавотлар миқдори 500 минг тоннагача етади. Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Украина борсидаги санкциялардан сўнг АҚШ, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Япония, Австралия ва Швейцариядан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишни бир йилга тақиқлаш ҳақида кўрсатмасидан сўнг бу маълум бўлди. Афтидан, Кремль ўз вассали билан бу борада зимдан тил топишган.

Бир ёмоннинг яхши томони ҳам бўлгани каби бу экспорт ўзбек деҳқонининг елкасига бироз офтоб тегишига ҳам сабаб бўлади. Чунки ҳозирги кунда мева-сабзавотларнинг хорижга экспорти жуда пастлиги сабабли мамлакатимизда бу маҳсулотлар деярли сувтекин. Масалан, шу кунларда бир килограмм гўштнинг пулига 50-60 та ўртача 5 килограммлик тарвуз сотиб олиш мумкин.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда шундоғам Россияга мева ва сабзавотларни етказиб бериш Ўзбекистонннинг умумий экспортдаги улуши 80 фоизни ташкил этади.