10 August 2014
19:10 - “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлатнинг Наманганда ўтказилган Фарғона водийси партия фаоллари йиғилишига йўллаган хати

“Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлатнинг партиянинг Наманганда ўтказилган Фарғона водийси фаоллари йиғилишига йўллаган хати

Азиз дўстлар, сафдошлар,

Анчадан бери бундай мажлислар ўтказиш имконимиз бўлмади. Лекин, мухолифатнинг асосий, балки, ягона кучи сифатида фаолиятимиз бир дақиқа ҳам тўхтамаганини айтиш лозим.

1. Ҳар бир одам билиши керакки, мухолифатнинг асосий вазифаси мавжуд ҳокимиятни конструктив танқид қилиш ва бор камчиликларни бартараф қилиш учун ўз таклифларини киритишдир.

Биз бу вазифамизни ҳали дунёда ҳеч ким қилолмаган даражада бажардик.

“Бирлик” турли мухолифатчиликка даъво қилаётган ташкилотчалардан фарқли ўлароқ, фақат демократия йўқлиги, диктатура ўрнатилгани ва коррупция гуллаб яшнаётгани ҳақида бақириш билан чекланмасдан, ҳозирги ҳокимият Ўзбек миллати ва Ўзбекистон давлатини ўлим ёқасига олиб келганини фактлар билан исботлаб берди. Бу ҳақдаги бизнинг фикр ва мулоҳазалар “Ҳаракат” сайтида тўла ёритилгани сабабли, ҳозир ўта қисқа гапирмоқчиман.

Айнан биз бир ҳовуч қирғиз фашистлари ўзбекларни қирғин қилганда жим ўтирган, жаҳон бўйича сони 30 миллионга етган ўзбеклар миллат сифатини йўқотганини очиқча ёздик. Бу мутлақо тўғри. Чунки, ўз миллатдошлари ваҳшийларча қирғин қилинганда жим ўтирган одамлар тўпламини миллат деб бўлмайди. Фақат “Бирлик” ўзбекларнинг қирғин қилинишини тўхтатиш учун Ўзбекистон армиясини Қирғизистонга олиб кириш керак деди. Шуни айтишимиз билан қирғин тўхтагани ҳеч тасодиф эмас. Ўз сўзимизни ўтказолганимизнинг исботи. Энди Ўзбекни қайтадан миллат қилиш, унинг кўзини очиш, миллий ғурур деган нарсани тиклаш лозимлигини ҳам фақат биз гапирмоқдамиз.

Ўзбекистондек давлатнинг иқтисоди, ривожланган ва ўрта даражада ривожланган мамлакатларнинг иқтисоди билан солиштирсак, чўкаётганини ҳам биз очиб бердик. Бу гапларимга диққат билан қулоқ солинг, илтимос.

Ҳар қандай давлат иқтисодининг асосий кўрсатгичи Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) ва киши бошига ЯИМдир. Ўзбекистондаги мавжуд режим бу кўрсатгичлар бўйича аҳволимиз кун бўйи ёмонлашиб бораётганини 20 йилдан бери халқдан бекитиб келарди. Ислом Карим ҳам, ҳокимиятнинг бошқа расмийлари ҳам, бизда ЯИМ ҳажми ҳар йили юксак даражада ўсиб бораётганини айтишса ҳам, бирон марта ЯИМнинг ҳажмини тилга олишмасди.

Айнан “Бирлик” Партияси феълан ўзининг рупори, яъни жарчиси бўлган “Ҳаракат” Ахборот Агентлиги билан биргаликда Ўзбекистоннинг Ялпи Ички Маҳсулоти ҳозир 50 млрд доллардан ҳам оз, аҳолиси биздан 2 баравар кам бўлган Қозоғистонники эса 200 млрд доллардан кўп экан эканлигини аниқлади. Яъни, Ўзбекистонда киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот бор-йўғи 1,5 минг доллар бўлиб чиқмоқда, бу кўрсатгич бўйича, ривожланган Ғарб мамлакатларидан 30-40 баравар орқада эканлигимизни қўйиб туринг, қўшнимиз Қозоғистон ва Туркманистондан 8 ва 6 баравар орқада эканлигимиз ўртага чиқди. Мана аҳволимиз қанчалик аянчли.

Яъни, Ўзбекистон қашшоқ мамлакатга айлантирилган, унинг иқтисодида ҳукумат рамийлари гапираётган ўсиш бўлаётгани – 1 тийини бор бўлган гадой ўз пулини 2 тийинга чиқаргани билан мақтаниши каби бир нарсадир.

Ўзбекистон ҳукумати аҳволимизни халқдан яширмоқдами, уни тузутиш учун ҳам ҳеч нарса қилмоқчи эмас.

Шуни алоҳида урғулаш керакки, киши бошига ЯИМ ҳажми мамлакатдаги ўртача ойликни ҳам ўзида акс эттиради. Демак, бизда киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот қозоқлардан 8 баравар кам, ўртача ойлик ҳам шунча кам. Масалан, катта шаҳарлардаги қозоқ дворниклари ўзбек профессорларидан кўп маош олишади.

Яна шуни ҳам билиш керакки, киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот бўйича 2005 йилда қозоқлардан 5,5 баравар орқада эдик, ҳозир 8-10 баравар орқадамиз, яқинда бу фарқ 20-30 бараварга чиқиши кутилмоқда. Ана ўшанда ўзбек халқи Қозоғистонда мардикорчилик қиладиганлар тўдасига айланади.

Нима қилиш керак? Биринчи навбатда ўзбекларни қайтадан миллат қилиш, унинг кўзини очиш, миллий ғурурини тиклаш лозим. Бу иш осонликча бўлмайди, буни оддий насиҳатчилик билан қилсак, юз йиллар керак. Шу сабабли мен шок терапияси усуллар билан иш олиб бориш лозимлигини гапирмоқдаман. Яъни, миллатни қўполроқ қилиб айтсак, бошига уриб ўзига келтириш ва Ал Хоразмий, Ал Беруний, Улуғбек авлодлари эканлигимизни эслатиб, нимага қозоқларга мардикорчлик қилиш даражасига тушганимизни тушунтириш керак.

Иқтисоддаги қолоқлигимиздан чиқиш учун ҳам инқилобий ўзгаришлар қилиш лозим. Аммо, ҳозирги ҳукуматдагилар бундай нарсаларни тушунишмайди. Хўш, қайси инқилобий йўллар ҳақида гапириш керак?

Биринчидан, қозоқ ва туркманларнинг руслар чизиб берган чегаралар доирасидаги табиий бойликлари Марказий Осиё халқлариникидир. Демак, Қозоғистон ва Туркманистон бу бойликларни Марказий Осиё Бирлиги каби иттифоқ доирасида ҳамма билан баҳам кўриши лозим. Уларни бунга мажбурлаш ҳам минтақавий мажбуриятдир.

Иккинчидан, Ўзбекистонда иқтисоднинг асосий тармоқлари давлатнинг қўлида, яъни биз ҳали ҳам феълан коммунистик давлатмиз. Коммунистик тузум доирасида тез ривожаланиш бўлмайди, бўлиши ҳам мумкин эмас. Демак, Ўзбекистонда бойлар синфи яратилиши йўлидаги тўсиқлар олиб ташланиши керак. Ташқаридан катта инвестициялар олиш учун ҳам айнан бойлар синфи лозим.

Демак, “Бирлик” Партияси Ўзбек халқининг ва Ўзбекистон давлатининг аҳволига, касаллигига десак ҳам бўлади, тўғри диагноз қўйди ва касалликнинг тузатиш йўлларини кўрсатди. Уни амалга ошироладиган ягона куч ҳам “Бирлик”дир. Муаммони тўғри ифодалаш, яъни касалликка тўғри диагоноз қўйиш - муаммони ҳал қилиш, касалликни даволашнинг сал кам ярмиси эканлигини унутмайлик.

2. Айтилганлар стратегик вазифаларимиз. Келинг, бугун қилоладиган ишларимизни гаплашайлик.

Ичимиздан 53-54 лақабли Салой Мадамин раҳбарлигида чиққан хоинлар ёрдамида 1989-1992 йиллари тор-мор қилинган ва ҳамма йўқ бўлди деб ҳисоблаган “Бирлик” халқ ҳаракатини 2001-2005 йиллари қайтадан тиклаган ва уни “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясига айлантирган эдик. 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан кейин бизни яна тор-мор қилишди, аммо барибир қайтадан, яна бир марта тикланамиз.

Ҳозир ҳамма фаолларимиз маҳаллий ҳокимятлар, ўзлари сайлаган Олий Мажлис депутлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашиб., нега Ўзбекистоннинг ғариб иқтисодий аҳволи халқдан бекитиб келинмоқда, нега уни тузатиш йўллари муҳокама қилинмаяпти деган саволларни ўртага қўйишлари керак. Ҳокимиятдагилар, депутатлар ва журналистлар учрашувдан қочсалар, уларга қоғозга ёзилган мурожаатларни топшириш ва жавоб талаб қилиш лозим. Жавоб бўлмаса, ўз талабларимизни ўртага қўйиш учун митинглар ўтказиш ҳақида расмий мақомларга ариза бериш вақти ҳам келади. Келинг, шу каби ишлар билан фаол шуғулланайлик.

3. Ўз ичимиздага бирликни мустаҳкамлаш лозим.

Ичимизда эса, ўта нохуш воқеалар ҳам юз бермоқда. Уларни ўзимиз тузатмасак, бизга ҳеч ким ишонмай қўяди, асосий вазифаларимизни бажаролмай қоламиз. Мен бу ерда нималарни назарда тутмоқдаман?

Қаранг, сўнги йилларда, партия раисининг ўринбосари Исмоил Дадажон қурултой ўтказилмаётганини сабаб қилиб кўрсатиб, ўз вазифасидан кетганини эълон қилди. Бу мутлақо хато. Бирон нарсани сабаб кўрсатиб “мен кетдим” деб кетавериш жиддий партиячиликка мос келмайди. Ҳокимитяга келиш, миллатни қайтадан миллат қилиш, давлатни қайтадан давлат қилиш билан шуғулланаётган партияда бундай масхарабозликларга йўл қўйиб бўлмайди. Ўз лавозимидан кетишни истаган одам, партиянинг тегишли органларига мурожаат қилиши ва унинг жавоби келмагунча ўз вазифасин бажариши ШАРТ.

Бу гаплар Пўлат Охунга ҳам тегишли. Урғулаб айтаман, менинг бу икки ўринбосарим билан муносабатларимда ҳеч қандай принципиал муаммо бўлган эмас.

Мен ҳаромий деган Носир Зокир каби фаолларимиз ҳам бор. У на партия раҳбариятига, на ўзи раислик қилган вилоят ташкилотига айтмасдан, “Бирдамлик” номли ҳаромийлар гуруҳига ўтиб кетганини, тезда у едан ҳам бир тепиб отилганини энди ҳамма билади. Энди у гўёки мен билан орамизда тушунмовчиликлар борлигини гапирмоқда. Ёлғон. Шу сабали, партиянинг Наманган ташкилоти Носир Зокирдан жавоб сўраши, ишонарли жавоблар чиқмаса, унинг ҳаромийлигини тан олиши керак. Ана ўшанда бу воқеа бошқаларга ҳам ўрнак бўлади.

Хуллас, энг камида шу йўналишда ишлар бошлайлик, ғалаба бизники бўлади.

Абдураҳим Пўлат