10 August 2014
06:27 - Бугун Ражаб Эрдўғон президент бўлиб сайланади, Туркияни исломий давлатга айлантириш ҳаракати кучаяди
Туркиянинг биринчи президенти Отатурк қолоқ ва йўқ бўлиш арафасидаги Усмонли Императорлиги номли исломий давлатни, уни Халифалик ҳам дейишарди, дунёвийлаштириб, унинг бугунги ҳолга келиши учун пойдевор тайёрлаб кетган эди.

Минг афсуски, кучли пойдевор яратолмабди, тўғрироғи, унинг ворислари бу пойдевор устига қўйилган бинони, яъни Туркия Жумҳуриятини мутаҳмлашолмабди. Мана бугун исломий илдизли Адолат ва Тикланиш Партиясининг лидери ва жорийдаги Бош вазир Ражаб Эрдўғон Туркия тарихида биринчи марта ўтказилаётган умумхалқ сайловларида президент бўлиб сайланади ва Туркияни исломий давлатга айлантириш ҳаракатига янги куч бериш учун белини боғлайди.

Аслида, бугунги сайловларда уч номзод иштирок этмоқда. Булар, сайлов бюллетенида исмлари келтирилган тартибда – Бош вазир Ражаб Эрдўғон, курдларнинг Тинчлик ва Демократия Партиясининг раисдошларидан бири Салоҳиттин Демиртош, мухолифатдаги Жумҳурият Халқ Партияси ва Миллиётчи Ҳаракат Партиясининг умумий номзоди Экмалиддин Инсонўғли. Улар расмда ҳам шу тарибда кўрсатилганлар.

Ҳамма сўровномаларнинг натижаларига кўра, Ражаб Эрдўғон биринчи турдаёқ 52-55 фоиз овоз билан ғалаба қозонади, Инсонўғли 38-39, Демиртош 7-8 овоз олади.

Эрдўғоннинг очиқча айтилаётган мақсади – парламент республикаси бўлган Туркияни президент республикасига айлантириш. Лекин, очиқча айтилмаётган яна икки мақсад ҳам бор – Туркияни исломий давлатга ва Араб дунёсининг лидерига айлантириш. Ҳозир 21 асрда яшаётганимизни ҳисобга олсак, бу мақсадларнинг биринчисини, араблар буни қабул қилмасликларини ҳисобга олсак, мақсадларнинг иккинчисини амалга ошириб бўлмайди.

Лекин, бир нарса аниқ – Туркияни оғир кунлар, балки, исломчилар билан дунёвийчилар ўртасида фуқаролар уруши кутмоқда. Шу пайтгача бир-бири билан олишиб келган сўлчи Жумҳурият Халқ Партияси билан ўнг қанотдаги Миллиётчи Ҳаракат Партияси умумий номзод кўрсатолганлари - шу урушга тайёрланиш йўлидаги бирнчи қадам бўлса керак.